27 Апрел 2023 йил 335

Ётган ётар, қидирган топар

Ойдин тун, атроф гўёки сув қуйилгандай жим-жит. Баҳорнинг енгил нафаси уриб турган Термиздаги асосий кўчаларда ички ишлар органлари ходимлари бедор юришибди. Навбатчилик қилишмоқда.

Соат миллари 2:00 га бориб қолган маҳалда шаҳар марказида жойлашган “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Салим Тоировнинг яшаш уйи атрофида номаълум шахсларнинг шарпаси оралагандай бўлди. С.Тоировга тегишли оқ рангли “Матиз” русумли автомашинаси уй олдига қўйилган, хонадон эгалари эса ширин уйқуда эди. Икки киши машинага яқинлашиб, эшиги ёнига келишди ва уни махсус асбоб ёрдамида очиб, ўт олдирди. Атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилишгач, машинани секингина олиб қочиб кетишди.

Эрта тонгда уйқудан уйғонгач, ҳовлисида турган машинаси ғойиб бўлганини фаҳмлаган С.Тоировнинг эс-ҳуши учди. Бир пас нима қилишини билолмай, саросимага тушди. Лекин, тезда ўзини қўлга олиб, вилоят ИИБ “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеа ҳақида хабар берди.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида автомобил Термиз тумани “Жўйжангал” маҳалласи ҳудудидан топилди. Автомашина кўздан кечирилганда 10 дона қўл бармоқ излари топилди. Вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика маркази “Шахсни портрет ва дактилоскопик идентификация қилиш гуруҳи”да мавжуд бўлган “Автоматлаштирилган дактилоскопик таққослаш  тизими”даги фуқаролар ҳамда муқаддам судланган ва жиноятга мойил шахсларнинг қўл бармоқ излари туширилган дактохариталари билан солиштириб текшириб кўрилганда, 1 дона яроқли қўл бармоқ изи Термиз шаҳрида яшовчи Б.Жуманов номига тўлдирилган дактокартасидаги ўнг қўл ўрта бармоқ изига мос келганлиги маълум бўлди. Яна 1 дона яроқли қўл бармоқ изи Термиз шаҳар “Гулистон” маҳалласида яшовчи И.Мадаминовнинг чап қўл номсиз бармоқ изига мос келганлиги  аниқланди. Шу тариқа вилоят Эксперт-криминалистика маркази ходимларининг ҳушёр ҳаракатлари натижасида жиноят иссиқ изида фош этилди.

  • Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида вилоят ҳудудида содир этилган

Жиноятларда олинган қўл-бармоқ излари вилоят ИИБ ЭКМ “Шахсни портрет ва дактилоскопик идентификация қилиш гуруҳи”да мавжуд бўлган “Автоматлаштирилган дактилоскопик таққослаш тизими” орқали 9 та жиноят фош этилишига эришилди, —  вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика маркази Давлат ўқ-гилзотекаси юритиш гуруҳи бош эксперти, маёр Фозилжон Хасанов. — Олиб борилган текширувлар натижасида яна 2 нафар шахси номаълум мурдаларнинг шахси аниқланди.

Ҳа, битта жиноятни очиш учун қанча машаққат чекилади. Бу машаққатнинг устида турган эксперт-криминалистика марказининг уддабурон ходимлари ҳам бугун астойдил жиноятларни иссиқ изида фош этишга ҳаракат қилишаётир. Чунки, экспертиза хулосалари жиноят ишини ойдинлаштиришда асосий далилий ашё бўлиб хизмат қилишини инобатга олсак, ушбу фактларсиз жиноятчига муносиб жазо чоралари қўллашнинг имкони бўлмайди.

Феруза Раҳмонқулова,

“Постда” мухбири,

Сурхондарё вилояти

Text to speech