Эндиликда, жамоат тартибини сақлашда қоидабузарларга электрошокер қўлланилади
Маълумки Ички Ишлар Органлари тизимида фуқаролар ҳавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш вазифаси Патруль-пост хизмати батальонига юклатилган. Мана шу юмушга киришадиган ходимларнинг шайлиги ва зарур анжомлар билан таъминланганлиги аввало қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш, агар қонун бузилиш ҳолати вужудга келганида зудлик билан бартараф этиш имконини беради. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирининг буйруғига асосан вазифасига киришган ички ишлар органлари ходимлари йўриқномада кўрсатилган ҳолатларда электрошок қурилмаларини қўллашлари мумкин.
"Скорпион" русумли электрошок қурилмаси бугунги кунда амалиётда фойдаланилаётган резина таёқ, яъни “дубинка”га ўхшаш шаклда ишлаб чиқарилган бўлиб, ундан нафақат электрошок сифатида, заруратга қараб “дубинка” сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.
Электрошок таъсирида инсон танаси биринчи сонияда оғриқ зарбасини ҳис этса иккинчи сонияда мушаклар мувозанати йўқолишига олиб келади.
Электрошокни, кекса ёшдагилар, ногиронлиги аниқ куриниб турган шахслар, ёш болалар, ҳамда ҳомиладор аёлларга нисбатан қўллаш тақиқланади. Агар улар томонидан қуролли ёки гуруҳ бўлиб ҳужум қилганда бу таъқиқларга амал қилинмайди. Демак, махсус воситаларни қўллаш, фойдаланиш ва сақлаш тартиб таомиллари ходимларга ҳам мажбурият ва жавобгарлик юклайди. Ана шу жиҳатларни шахсий таркибга етказишга бағишланган ўқув йиғини-амалий машғулотлар асносида ташкил этилди.
Жамоат тартибини сақлайдиган инспекторларнинг зарур восита ва анжомлар билан таъминланиши оммавий ҳаракатларнинг олдини олиш ҳамда қоидабузарликларни зудлик билан бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Эътиборли жиҳати тизимда ана шу мақсад мудаога сафарбар этиладиган моддий техник база йилдан йилган бойиб бормоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати