16 Октябр 2025 йил 80

Ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш йўлида — “Жасорат мактаби”да навбатдаги ўқув йиғини ўтказилди

Сурхондарё вилояти ҳудудида истиқомат қилиб келаётган, профилактик ҳисобда турувчи оғир тоифага кирувчи ҳамда уюшмаган ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш, уларни соғлом муҳитда тарбиялаш мақсадида “Жасорат мактаби”нинг навбатдаги ўқув йиғини ташкил этилди.

Тадбир Жарқўрғон туманидаги ҳарбий қисмда бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Тимур Исмаилов иштирок этиб, ёшлар билан самимий мулоқот қилди. Учрашув давомида бошқарма бошлиғи ёшларга Ватанга муҳаббат, фидойилик ва масъулият ҳиссини юксалтириш, тўғри йўлдан бориш ҳамда жамиятда ўз ўрнига эга инсон бўлиб етишиш ҳақида ҳаётий мисоллар асосида самимий суҳбат ўтказди.

Шунингдек, Бошқарма бошлиғи ёшлар учун ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар, замонавий ўқув машғулотлар жараёни ва қисм музейи билан яқиндан танишдилар. Улар учун билим ва касб-ҳунар эгаллашга қаратилган амалий машғулотлар, спорт мусобақалари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Ўқув йиғини жараёнида ёшлар ўз билим ва савияларини ошириш, ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш ҳамда ҳаётда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш имконига эга бўлдилар.

Учрашув якунида, ўзларининг иқтидори ҳамда ташаббускорлиги билан фаоллик кўрсатган ёшларга бошқарма бошлиғи томонидан бадиий китоблар тўпламлари топширилди.

Бундай ташаббуслар ёшларни соғлом ҳаёт тарзига йўналтириш, уларни жамиятга фойдали фуқаролар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Text to speech