ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА
“ЭЗГУЛИК ОТРЯДИ” НИНГ ЭЗГУ ТАШАББУСИ
Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари воҳа ҳудудига коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича нафақат ўз хизмат бурчлари балки, эҳтиёжманд оилаларни моддий-маьнавий қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбирлари билан ҳам кўплаб чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Шу мақсадда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов раҳбарлигида “Эзгулик отряди” ташкил этилди. Туманларда яшовчи кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди. Осойишта ҳаётимиз қўриқчилари дастлаб учинчи сектор ҳудудидаги Термиз ва Музработ туманларида истиқомат қилаётган 15 тадан кам таъминланган оилага 750 килограмм ун, 150 литр ўсимлик ёғи, шунингдек, гўшт, пиёз картошка, шакар, макарон каби озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳимоя ниқоби, совун сингари бирламчи эҳтиёж молларини бепул тарқатди.
Бу ташаббусга қўшилган туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ҳам ўз секторлари ҳудудидаги маҳаллаларда яшаётган одамларнинг турмуш шароитини ўрганиб, кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор аҳоли хонадонларига бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена воситалари ва ҳимоя ниқоблари тарқатмоқда.
–Ҳозирги синовли кунларда бундай эзгу ишлар кам таъминланган оилаларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжини тўлароқ қондириб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга кўмаклашаётир, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Шунингдек, саросимага ўрин қолдирмай, жаҳон бўйлаб ёйилган бу офатни тезроқ бартараф этишга аҳолининг ишонч ҳиссини уйғотмоқда. Бугунгидек оғир дамларда давлат ва халқ бирлигини кенг намоён этаётир.
Айни дамларда вилоят ички ишлар идоралари ходимлари инфекциянинг воҳа ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўплаб чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Шундай масъулиятли дамларда уларнинг жойлардаги кам таъминланган, ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд оилаларга “Уйда қолинг!” шиори остида меҳр-мурувват кўрсатаётгани аҳамиятлидир.
Маълумотларга кўра, ҳозиргача Бойсун тумани ички ишлар бўлими ходимлари Дарбанд, Темир дарвоза, Шифобулоқ, Хўжабулғон, Сайроб, Даҳнаижон ва Тиллакамар маҳаллаларида яшаётган кам таъминланган, эҳтиёжманд, ногиронлиги бор ва кўп фарзандли оилаларга моддий ёрдам кўрсатди. Бандихон тумани ички ишлар идоралари томонидан Зевар, Обод юрт, Хўжаипок, Бағрикенг маҳалларида истиқомат қилаётган 20 хонадонга гўшт, картошка,шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, санитария-гигиена воситалари топширилди. Жарқўрғон туианида учинчи сектор ҳудудидаги 54, Олтинсой туманида 51 эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, санитария-гигиена воситалари, тиббий ниқоблар берилди.
Вилоятда фаолият юритаётган “Эзгулик отряди”нинг хайрия тадбирлари давом этмоқда.