28 Май 2021 йил 618

Деновлик ёшларнинг мурожаати тингланди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий Гвардияси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёшлар Ўзбекистоннинг ишончи, таянчи ва қудратли кучи” мавзусида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Сабиров, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ўринбосари Ғ.Ёзиев, вилоят ИИБ бошлиғи А.Исмоилов, Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов ва Денов туман ҳокими Р.Пардаевлар иштирок этди. Денов туманидаги Тадбиркорлик ва педагогика институтида бўлиб ўтган тадбирга 97 нафар ички ишлар органлари профилактика ҳисобида турган ва 122 нафар уюшмаган ёшлар, жами 219 нафар ёшлар жалб этилди.
Учрашувда ёшларнинг турли масалалардаги мурожаатлари тингланди. Мисол учун, 10 та мурожаат кредит, 6 таси Миллий гвардия ҳамда ички ишлар органларига ишга кириш, 3 та муддатли ҳарбий хизматга кетиш, яна уй-жой масаласида 4 та, 2 та тиббиёт соҳасига ишга кириш масаласида мурожаат келиб тушди. Шунингдек, иштирокчилар тумандаги Тадбиркорлик ва педогогика олий таълим муассасида бокс бўйича спорт тўгараги ҳамда ҳарбий кафедра ташкил этиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
Улар орасида 2 нафар ёш мурожаатларини эътиборсиз қолдирмаган ички ишлар органлари ходимларига ташаккурнома ҳам билдиришди. Муаммолар шу жойнинг ўзида тегишли мутасадди ташкилот раҳбарларига йўнлатирилиб, муддатлар белгиланди.
Албатта, бундай учрашувлар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ушбу орқали ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда яхши натижаларга эришишга ёрдам беради.


Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech