29 Октябр 2025 йил 160

Денов туманида "Зўравонликка кўз юмиш — унга шерик бўлиш демак" мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди

Инсоният тарихида зўравонлик энг оғир ва иллатли кўринишлардан бири сифатида жамият тараққиётига тўсиқ бўлиб келмоқда. У инсон шаъни, унинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини поймол этиб, тинчлик ва адолат тамойилларига рахна солади. Бугунги кунда ҳам зўравонлик турли шаклларда – жисмоний, руҳий, иқтисодий, ахборот ёки маиший тарзда намоён бўлмоқда.

Ачинарлиси, баъзи ҳолларда одамлар ўз кўз ўнларида рўй бераётган зўравонликка кўз юмиб, ундан ўзини четга олади. “Бу менинг ишим эмас”, “аралашсам, ўзимга зарар бўлади” деган фикрлар билан сукут сақлайдилар. Аслида эса сукут – бу ҳам бир ҳолда шерикликдир. Зеро, зўравонликка бефарқлик унинг янада авж олишига сабабчи бўлади.

Шу каби долзарб масалалар доирасида Денов туманида "Зўравонликка кўз юмиш — унга шерик бўлиш демак" мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Озода Каримова, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Денов тумани бўлими бошлиғи Икромжон Иркабаев, туман Ички ишлар бўлими ходими Гулжамол Элмуродова ҳамда турли ҳамкор ташкилотлар ва фаоллар иштирок этдилар.

Мулоқотда таъкидланганидек, жабрланувчини ёлғиз қолдирмаслик, унга ёрдам қўлини чўзиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Агар сукут сақласак, билвосита бўлса-да, зўравонликнинг давом этишига ҳисса қўшган бўламиз. Шу боис, ҳар бир фуқаро бу иллатга қарши курашда фаол бўлиши зарур.

Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан зўравонликка қарши кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аёллар, болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи қонунлар, “ишонч телефонлари”, реабилитация марказлари ташкил этилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, зўравонликка қарши кураш – фақат бирон ташкилот ёки идоранинг вазифаси эмас. Бу — бутун жамиятнинг умумий масъулияти. Агар бефарқ бўлмасак, бирдамликда ҳаракат қилсак, фақат шундагина зўравонликсиз ва хавфсиз ҳаётни барпо этишимиз мумкин.

Text to speech