22 Октябр 2025 йил 110

Денов туманида маъмурий қамоққа олинган шахслар учун махсус қабулхона ташкил этилди

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Шимолий минтақавий ҳудудига қарашли Денов туманида маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган янги махсус қабулхона фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу масканда маъмурий жазо чораси сифатида қамоққа олинган фуқароларни қабул қилиш, уларни қонун доирасида сақлаш ҳамда ҳуқуқий ва маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Ташкил этилган махсус қабулхона фаолияти билан Сурхондарё вилояти ИИБ Бошқарма Шимолий минтақавий ҳудуд мувофиқлаштириш маркази бошлиғи подполковник Шерзод Шодиев танишди. У маъмурий қамоққа олинган шахслар билан учрашиб, уларга келгусида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

Суҳбат давомида экстремистик ва террористик ғояларнинг инсон ҳаёти ҳамда жамият барқарорлигига салбий таъсири, диний ниқоб остидаги турли ғаразли ҳаракатларга эргашишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.

Шу билан бирга, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг жамиятга фойдали аъзо сифатида қайтишларига кўмаклашиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Янги махсус қабулхона фаолияти маъмурий жазо ижроси жараёнида инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш ҳамда профилактика самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Text to speech