Денов тумани ИИБ бошлиғининг ташаббуси билан ИИБ ходимлари Саид Оталиқ меъморий қадамжосида бўлишди
Асрлар давомида маърифат маскани сифатида хизмат қилиб келган Саид Оталиқ мадрасаси XVI асрда Хўжа Алоуддин Атторга атаб бунёд этилган.
Ул зот халқ орасида Шайх Аттори Валий номи билан машҳур бўлган. Алоуддин Аттор Баҳоуддин Нақшбандийнинг куёви бўлиб, тариқат таълимотини кенг ёйиш учун Деновга кўчиб келган.
Мадраса у зотнинг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил давомида қурилган. Манбаларда айтилишича, Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор нақшбандия тариқатининг улуғ пири, авлиё, “Силсилаи шариф”дa ўн еттинчи ҳалқадаги муршид, аллома бўлган. Асл исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорий бўлиб, “Аттор” дейилишларига сабаб ул зоти шарифдан ҳамиша хушбўй ҳид таралиб турган.
Ҳазрат Баҳоуддин вафот этгач, Ҳазрат Алоуддин Аттор ўз замондошларига таълим берган. Ул зот илми, одоби, тарбияси, хулқи билан устозининг дуосига сазовор бўлган. Тасаввуф илмини кенг ёйиш учун оиласи билан Деновдаги бир хонақоҳда муридларига таълим-тарбия берган. Ҳазрат милодий 1400 йилда вафот этган. Ўзига хос лойиҳа асосида бунёд этилган мадраса илм-маърифат маскани сифатида донг таратган.
Бу каби тадбирларни ўтказиш орқали миллий ифтихор ғурурини шакллантириш, аждодларимизнинг ижодий-маданий меросларини ўрганиш ва келажак авлодга етказишдир.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати