10 Апрел 2023 йил 9384

Ботулизм-касаллигидан огоҳ бўлинг!!!

Ботулизм-касаллиги бу одам организмининг марказий нерв системасининг оғир шикастланиши билан кечувчи, мушаклар парези ва фалажига олиб келувчи ўткир юқумли токсик касалликдир. Бу касаллик нерв паралитик бузилишлар,аксари ютиш ва ташқи нафас функцияларининг бузилиши,юрак тугунларининг зарарланиши билан характерланади. Касаллик овқатдан захарланиш натижасида, жумладан, сифатсиз балиқ, колбасалар, балиқли ва гўштли, мевали ва сабзавотли консервалар, қўзиқоринлар истеъмол қилиниши натижасида юзага келади. Ботулизм касаллиги ҳақидаги дастлабки маълумотлар 1817 пайдо бўлган. Ботулизм касаллиги ер юзининг деярли барча худудларида спорадик (битта-иккита) ҳолларда учрайди. Бу касаллик қўзғатувчилари клостридиумлар авлодига мансуб анаэроб бактериялар ҳисобланиб, ҳозирги кунда уларнинг 7 тури мавжуддир. Ботулизм касаллиги қўзғатувчилари таёқчасимон шаклга эга бўлиб, харакатчан хивчинлари таёқчанинг танаси бўйлаб жойлашган, бу таёқчалар ноқулай шароитга тушиб қолганда масалан тупроқда ташқи мухитга чидамли бўлган махсус қобиққа ўралади, яъни спора ҳосил қилади ва кўп йилларгача сақланади. Ботулизм бактерияларининг споралари тупроққа қишлоқ хўжалиги хайвонлари ичагидан балиқлардан эса сувга тушиб, турли хил озиқ-овқат махсулотлари сабзавотлар, мевалар, ғалла, ем-хашакларни инфекциялаш хусусиятига эгадир. Ботулизм қўзғатувчилари озиқ-овқат махсулотларида, одам ва ҳайвон организмида ҳамда сунъий муҳитларда кучли токсин ишлаб чиқариш хусусиятига эга бу токсин ботулинотоксин деб аталади. Бу токсин овқат билан одам организмига тушганида асаб системасини қаттиқ зарарлайди ва ботулизм касаллигини келтириб чиқаради. Одам организмига инфекция тушган озиқ-овқат махсулотлари билан бирга ботулизм қўзғатувчиси ва экзотоксин меъда ва ингичка ичакда тез сўрилиб, қон ва лимфа оқимига ва бош мия нервлари ядроларига,синапсларга ва нерв мускул тўқималарига ўтиб уларни зарарлайди. Касалликнинг яширин даври 6-24 соат, баъзи ҳолларда 6-10 кунгача узайиши мумкин. Касаллик ўткир бошланади ва дармонсизлик, оз-моз бош оғриси, оғиз бўшлиғининг қуриши, қайт қилишнинг такрорланиши, қабзият, равшан кўра олмаслик кузатилади.

-кўзнинг кўриш қобилиятининг ўзгариши яъни нарсаларнинг қўшалоқ бўлиб кўриниши, кўзлардан бирининг юқори қовоғининг осилиб тушиши кўпинча бир кўз четлантирувчи нервининг парези билан боғлиқ ҳолда ғилайлик кузатилади.

(диплопия, птоз стробизм)

-нафас олиш функциясининг бузилиши яъни нафас қисилиши, юмшоқ танглай парези ёки фалажи, ҳид сезишнинг пасайиши,товуш пасайиши бемор гапига тушиниб бўлмай қолади.

-ошқозон-ичак функциясининг ўзгариши яъни оғиз бўшлиғида қуруқлик сезади овқатларни ютиш қийинлашади, ич кўпинча келмай қолади,қоринда оғриқ бўлиши каби симптомлар кузатилади.

Ботулизм касаллигининг асосий манбалари ўтхўр хайвонлар, кемирувчилар, айрим қушлар ҳамда совуқ қонли хайвонлар балиқлар, қисқичбақасимонлар  ҳисобланади. Ботулизм касаллиги таёқчалари шу ҳайвонлар ичагида кўпаяди ва ташқи муҳитга тушиб, тупроқ, ўт-ўланларни ва сувни зарарлайди. Бу таёқчалар бундай шароитда споралар ҳосил қилади.

Мамлакатимизда касалликнинг пайдо бўлиши, асосан уй шароитида тайёрланган маҳсулотларни яъни консервалар, маринадлар, дудланган махсулотлар, тузлама ва бошқаларни истеъмол қилиш натижасида юзага келади. Уй шароитида консерва махсулотларини тайёрлашда етарлича санитар гигеник талабларга амал қилмаслик ва  иссиқлик даражаси 100 даражадан ошмаслиги натижасида банкаларни сифатсиз гермитизация қилиш эса ботулизм токсинларининг, спора ва вегетатив хужайраларининг кўпайиши учун қулай шарт-шароитларни келтириб чиқаради. Консерва махсулотларининг касаллик қўзғатувчи споралари билан захарланганлигини уларнинг ташқи кўринишидан яъни (бом-баж) қопқоғининг кўтарилиб туришидан ҳам аниқлаш мумкин. Бундай консерва махсулотлари анча юмшаган, структураси  ўзгарган ва нохуш ҳидга эга бўлади.Уй шароитида тайёрланган  сифатсиз консервалар истеъмол қилиниши сабабли юзага келган касаллик ҳолларида бу консерва махсулотлари дарҳол йўқ қилиниши керак. Ботулизм каби ўткир ўта захарли инфекциянинг олдини олиш учун қўлланиладиган энг самарали восита бу ботулизмга қарши полиантитоксин билан эмлаш ҳисобланади. Бундан ташқари касаллик тарқалиш механизми зарарланган озиқ-овқат масулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлганлиги сабабли озиқ-овқат махсулотларини сақлаш, уларга  ишлов беришда замонавий технологик усулларни амалда жорий қилиш, барча озиқ-овқат корхоналари устидан санитария назоратини ошириш, уларнинг санитария-гигиеник ҳолатини яхшилаш ҳам касалликни олдини олишда асосий омиллардан бири эканлигини унутмаслигимиз керак

Сурхондарё вилояти ИИБ ДПМ Тиббиёт бўлими

Text to speech