Боботоғда бир килограмм картошка 3 минг 500 сўмдан сотилмоқда
Сурхондарё вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда. Одамларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган карантин даврида воҳанинг энг чекка, олис ҳудудларида ҳам нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Шу мақсадда вилоят ички ишлар бошқарамаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов Узун тумани ҳокими Б.Турсунов билан туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган оилаларнинг турмуш тарзи ва яшаш шароитини ўрганди. “Боботоғ”, “Оқмачит”, “Толтўғай” ҳамда “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналарни, тез-тиббий ёрдам бўлими ҳамда 76-қишлоқ оилавий поликлиникасида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Тоғли Боботоғ массиви Узун тумани марказидан 100 километр узоқликда жойлашган. Бу ерда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш учун шу куни 15 тонна ун ва картошка м аҳсулоти олиб борилиб, сотилиш нархи қатьий белгилаб берилди.
Айни пайтда жанубдаги воҳанинг энг чекка ва олис ҳудудида яшаётган аҳоли бир қоп унни 139 минг сўмдан, бир килограмм картошкани 3 минг 500 сўмдан харид қилмоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳудудда карантин қоидалари ва белгиланган чекловларга қатъий риоя этиш ҳамда жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш бўйича ҳам тегишли тавсияларни билдирди.