5 Октябр 2024 йил 526

Бош вазир ўринбосари Термиз туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова куни-кеча вилоят ҳокимининг ўринбосари Зулхумор Хидирова, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ўролтош Эшимова   ва Термиз тумани ҳокимининг ўринбосари Маърифат Расуловалар ҳамроҳлигида “Термиз халқаро савдо маркази” - “Airitom free zone”га ташриф буюрди.

Марказий Осиёдаги биринчи эркин савдо зонаси Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида, Термиз тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, қиймати 70 млн АҚШ долларни, умумий майдони 36 гектарни ташкил этади. Ҳудудда меҳмонхона, тиббиёт клиникаси, бизнес мактаби, йирик савдо ва хизмат кўрсатиш маркази, ресторанлар, хостел ҳамда йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга логистика маркази ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган.

Ташриф давомида, Бош вазир ўринбосари клиника, ишлаб чиқариш зоналари ҳамда мажмуа ҳудудидаги бошқа обеъктлар фаолияти, шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мутасаддиларга яратилган кенг кўламли имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ҳудуддаги ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Шунингдек, ташриф давомида Термиз туманида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, жамиятда оила институтининг ролини ошириш, ажримларнинг олдини олиш вазифалари топширилди.

Text to speech