Бир гуруҳ шифокорлар вилоят ИИБ томонидан тақдирланди
Олийжаноб касб эгалари бўлмиш тиббиёт ходимлари ҳар қандай вазиятда инсон саломатлиги учун курашиб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиб келаётганликлари алоҳида эътирофга молик. Айниқса, бу йил бутун дунё тиббиёт ходимлари учун синовли ва машаққатли йил бўлди. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият шифокорлар зиммасига катта масъулият юклади.
Ана шундай синовли кунларда ўз ҳаётини ва соғлиғини хавф остига қўйиб, хатарларга қарши курашиш, касалликнинг тарқалишини олдини олиш, юртимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Албатта, бу таҳсинга лойиқдир.
Бугун ана шу фидойи, жонкуяр шифокорларимизнинг байрами, яъни Тиббиёт ходимлари куни. Ушбу муносабат билан Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасида тизимда фаолият олиб бораётган шифокор ходимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда дастлаб, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожоновнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг, ўз хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашиб, бириктирилган контингентга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда кузатилаётган эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун бир гуруҳ тиббиёт ходимлари вазирликнинг ҳамда вилоят ИИБнинг фахрий ёрлиғи, пул мукофотлари билан тақдирланишди.
Дарвоқе, Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бошқарма тиббиёт бўлими даволаш профилактика муассасалари поликлиника шифокор-оториноларингологи Шахноза Қурбонова “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонига муносиб кўрилди. Тадбирда ҳамда эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Бугунги кунда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тиббиёт бўлимида 70 дан ортиқ шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари ички ишлар бошқармаси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига, нафақадаги фахрийларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишмоқда. Шунингдек, вилоят прокуратураси, адлия ва божхона бошқармаси, Термиз ХАХТ батальони ҳам мазкур бўлимга бириктирилган. Бугунги кунда тиббиёт бўлимида барча замонавий тиббий ускуналар ҳамда лаборатория ишлаб турибди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати