Билимлар сари чорлар биринчи қўнғироқ
Атроф тилларанг тусга кириб, табиатнинг яна бир фасли – олтин куз кириб келди.
Бешинчи сентябрь – Билимлар куни ўқувчиларни ўз бағрига чорлади. Бошланган янги ўқув йилида Шўрчи туманидаги 72 та умумтаълим мактабларига 1-синф ўқувчилари қабул қилинди.
Барча таълим муассасалари сингари тумандаги 9-умумтаълим мактабида ҳам янги ўқув йилининг бошланиши – Билимлар куни тадбири билан бошланди.
Байрам тадбирида, юракларни энтиктириб янги ўқув йили учун “биринчи қўнғироқ” чалинди.
Барча жойларда бўлгани каби ушбу ўқув даргоҳида ҳам илк сабоқ “Мустақиллик дарс”лари билан бошланди. Унда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник И.Кетмонов томонидан мустақиллигимизнинг не-не машаққатлар билан қўлга киритилгани, кейинги йиллар мобайнида таълимга, ёшларга қаратилаётган эътибор, юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари хусусида батафсил сўз юритилиб, мактаб жамоаси ва иқтидорли ўқувчи ёшларга китоблар ва эсдалик совғалар топширилди.