19 Феврал 2025 йил 407

Беш ташаббус олимпиадаси ва Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари спорт мусобақаларига старт берилди.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ҳар йили ёшларнинг ноёб қобилият ва иқтидорларини кенг намойиш этиш, янги истеъдодларни кашф қилишга қаратилган "Беш ташаббус олимпиадаси" ўтказиб келинмоқда. Бу йилдан эса давлат раҳбарининг яна бир ташаббуси - "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари" спорт мусобақалари ўтказилади.

Бугун Термиз шаҳрида жойлашган Президент мактабининг янгидан реконструксия қилинган спорт мажмуасида "Беш ташаббус олимпиадаси" ва "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари" спорт мусобақаларининг 2025 йилги мавсумига старт беришга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчи ёшлар ҳамда ўқувчилар иштирок этди. Шунингдек, тадбирда ҳудудий студиялар орқали туманлар ҳам уланди. Вилоят раҳбари сўзида ёшларга бу йилги спорт мусобақалари ва танловларда омадлар тилаб, "Беш ташаббус олимпиадаси" ва "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари" мусобақаларининг вилоят босқичини очиқ деб эълон қилди.

Маълумот учун, "Беш ташаббус олимпиадаси" ўтган йилги мавсумида воҳамиз ёшлари жами 39 та шундан, 15 та олтин, 17 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритишиб, умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни қўлга киритишди. Республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар маҳаллаларида жами 91 та спорт майдончалари қуриб берилди.

Text to speech