17 Январ 2022 йил 639

Байрам муносабати билан муносиблар тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ўттиз йиллиги ҳамда 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда бошқарма соҳавий хизматлари раҳбарлари, шахсий таркиб ва шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари ходимлари иштирок этишди.
Ушбу тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг соҳа вакилларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг, ички ишлар органлари тизимларида самарали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ вилоят ички ишлар органлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг юксак мукофотлари топширилди. Жумладан, Ички ишлар вазирининг буйруғига биноан бир гуруҳ ходимлар "Аъло хизматлари учун", I- II- III -даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари ҳамда "Фахрий ёрлиқ", қўл соати, пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармони асосида таъсис этилган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” байрами муносабати билан "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил" эсдалик нишони билан бир қатор ички ишлар органлари раҳбар ва ходимлари мукофотланган бўлса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январь кунидаги ФАРМОНИ билан Мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини юксалтириш, Ватанимиз мустақиллиги, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш, профессионал миллий армияни шакллантириш, ҳарбий хизмат нуфузини оширишдаги катта хизматлари, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, халқимиз осойишталигини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ибратли фаолияти, шарафли ва муқаддас бурчини бажаришда мардлик ва жасорат кўрсатгани, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юқори маҳоратга эга кадрларни тайёрлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун “Жасорат медали” билан Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди учинчи ишғол қилиш гуруҳи командирининг ўринбосари катта сержант Лойлоқов Ихтиёр Боймуродович ҳамда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлими банк муассасаларини қўриқлаш бўйича милиция ротасининг взвод командири марҳум кичик сержант Эсанов Акбар Жабборовичлар мукофотланди.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон ёшлари форуми-2021» ҳафталиги доирасида, ҳарбий қисм муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчилари ўртасида ўтказилган «Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси» кўрик-танлови ғолиблари аниқланди.
Кўрик-танловнинг вилоят босқичида билим ва кўникмалари, лидерлик қобилияти, амалга оширган лойиҳалари ва иш-фаолиятида эришган натижалари бўйича сараланган етакчилар Республика босқичида иштирок этиш учун 4 та шарт асосида қизғин беллашув олиб боришди. Беллешув натижаларига кўра 1-ўринни Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Ёшлар етакчиси - Қурбоналиев Бекзод Абдумалик ўғли эгаллаб, ғолибликни қўлга киритганлиги учун мукофотланди.
Тадбир давомида, Жиноятчиликка қарши курашиш, ички ишлар органлари обрўсини ошириш, коррупцияга қарши курашиш борасида ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашиб ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир қатор ички ишлар органлари ходимларига Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech