28 Январ 2023 йил 525

Қарорга муносабат: Адолатли принцип — номзодларни танлашда муҳимдир

Биз яшаётган бугунги жамиятда барча ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар натижаси инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Негаки, инсоннинг қадр-қиймати устун қўйилган жойдагина ижтимоий адолат ўрнатилади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январдаги «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори негизида ҳам айни шу мақсад ётгани билан аҳамиятлидир.

Қарорда бугун мазкур тизимда хизмат қилаётган ходимларни юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ҳалол, ватанпарвар этиб тарбиялаш, шу орқали аҳолининг ҳам розилигига эришиш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, тизимда  коррупция, тамагирлик, манфаатлар тўқнашуви каби ҳолатларнинг олдини олиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилади.

Бундай натижага эришиш учун эса қарор билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми Кодекси тасдиқланди. Мазкур Кодексда белгиланган қоида ва талабларга амал қилиш ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезони бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир ходим Кодексдаги қоида ва талабларни билиши, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши мажбурий ҳисобланади.

Айниқса, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ташкил этилгани ҳамда унинг фаолиятига оид низом тасдиқлангани ушбу йўналишдаги ишларни тўғри ўзанга солишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Айнан ушбу ташкил этилган Департамент ички ишлар органларида хизматга қабул қилиш бўйича номзодларни танлашнинг адолатли, холис ва шаффоф тизимини яратиб, ўрнатилган тартибларни тубдан соддалаштириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади. Шунингдек, маънавий-маърифий ишларни "таълим муассасасидан – хизматнинг охирига қадар” тамойили асосида тизимли ва узлуксиз ташкил этиш орқали уларнинг самарадорлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш устида бош қотиради.

Сир эмас, хизматнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида манзилли психологик тадбирларнинг замонавий усулларини татбиқ этишда, лавозимга тайинлаш ва аттестация ўтказиш жараёнларида мутахассис-психологларга эҳтиёж сезилмоқда. Низом талабларига кўра, уларнинг роли янада оширилади. Бу эса ички ишлар органларида истиқболли ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришнинг янги тизимини жорий этишда, уларнинг фаолиятини тизимли мониторинг қилиш ва доимий равишда ўқитиб бориш механизмларини яратишда қўл келади.

Қолаверса, мазкур ҳужжатда ички ишлар органлари шахсий таркибининг жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишнинг узлуксиз тизимини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, уни баҳолаш янги мезонлар асосида амалга оширилади.

Умуман олганда, ҳар бир соҳа вақти-вақти билан ислоҳ қилиниб борилса, унда ривожланиш бўлади. Ўйлайманки, ушбу қарор ва унинг билан тасдиқланган Кодекс ҳамда Низомлар ички ишлар органлари тизимида туб бурилиш ясашига ва энг муҳими, халқчил тузилмага айланишига хизмат қилади.

Шерзод ШАДИЕВ,

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари-маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник

Text to speech