Аҳоли осойишталиги йўлида — қўриқлаш хизмати тарғиботи
Шўрчи туманида жиноятчилик ҳолати оғир бўлган айрим маҳаллаларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда аҳолини қўриқлаш хизмати фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида амалий тарғибот ишлари олиб борилди.
Қўриқлаш бўлими
ходимлари томонидан ташкил этилган учрашувлар давомида фуқароларга қўриқлаш
хизмати имкониятлари, уй-жой ва савдо дўконларини қўриқлаш сигнализация
воситаларига улашнинг афзалликлари ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, жиноятнинг олдини олишда “ташвиш тугмаси” тизимининг аҳамияти ҳақида
ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Тарғибот
доирасида маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар ҳамда дўконларга “ташвиш тугмаси”
ўрнатилиб, фуқароларга унинг ишлаш тартиби амалий кўрсатиб берилди. Ушбу тизим
орқали хавфли ҳолат юз берганда тезкор гуруҳ ходимлари қисқа вақт ичида ҳодиса
жойига етиб бориши мумкинлиги таъкидланди.
Қўриқлаш хизмати
ходимлари аҳоли билан мулоқот жараёнида ҳар бир фуқаро ўз мулки ва
хавфсизлигига нисбатан масъулиятли бўлиши, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига бефарқ
қарамаслиги лозимлигини таъкидлаб ўтишди.
Бундай амалий тарғибот тадбирлари жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва фуқаролик масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.