17 Ноябр 2022 йил 501

Ангор туманида содир этилган жиноят Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ҳузурида муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 сентябрда “Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 565-сонли қарори тасдиқланган.

Мазкур қарорга асосан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар иштирокида жиноятларнинг сабабларини ўрганиш, уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш масалаларини жойига чиққан ҳолда «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш тартиби жорий этилган.

Шунга кўра Ангор тумани “Шарқгули” маҳалласида содир этилган қотиллик жиноятининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Ушбу муҳокамада, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник А.С.Исмоилов, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник М.М.Болтаев, туман сектор раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, вақтинча ишлаш мақсадида хорижий давлатларга кетган шахсларнинг оила аъзолари, туман ИИБда профилактик ҳисобда турувчи шахслар, тумандаги 36 маҳалла фуқаролар йиғинларининг 5 талик фаоллари, жиноят содир этилишига сабабчи бўлган фуқаролар ва бошқа тегишли мутасаддилар иштирок этди.

Муҳокама чоғида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароити ҳақида сўз юритилди. Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир маҳаллада ишларни жадаллаштириш лозимлиги, ҳар бир раҳбар лоқайдлик ва бепарволикка берилмай ўз хизмат вазифасини масъулият билан бажариши кераклиги алоҳида таъкидланди. Маҳалладаги бешлик ҳудудда келиб чиқаётган муаммо ва турли низоларни вақтида ўрганиб, уларни бартараф этишга масъул эканлиги ва бошқа масалалар юзасидан танқидий фикрлар билдирилди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech