Ангор туманида содир этилган босқинчилик жинояти кенг жамоатчилик олдида муҳокама қилинди
Куни кеча Ангорр тумани Маданият уйи биносида, туманнинг “Навбаҳор” маҳалласида 2022 йил 26 ноябрь куни содир этилган босқинчилик жинояти муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Икромжон Турсунов, сектор раҳбарлари, барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллари, ички ишлар органлари ходимлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Муҳокама йиғилишида дастлаб, содир этилган жиноят тафсилотлари ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, Д.Расулова (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг яшаш уйига тунги 1:00 атрофида 3 нафар номаълум шахслар юзига ниқоб таққан ҳолда, қўлларида қўлқоп ва ёғоч бита билан уйига ғайриқонуний равишда кириб, уй эгаларига қўлларида бўлган бита билан ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати етказиш билан қўрқитиб, улардан пул ва бошқа моддий қимматликларни беришини талаб қилишади. Ўша вақтда уйда Д.Расулованинг онаси ҳамда вояга етмаган қизи уйқуда бўлишади. Босқинчилар Д.Расулованинг онаси С.Хамраеванинг боши ва қўлларига тан жароҳати етказиб, унинг бўйнидаги 1 дона 75 граммли тилла занжири, 1 дона 25 граммли тилла билак узуги, 1 дона тилла зирагини ва 1 дона “Редми 9” русумли телефон аппаратини олишади. Яна Д.Расуловани таёқ билан бошига ва танасининг турли жойларига бир неча маротаба уришиб, яшаш уйида бўлган ички қулф билан қулфланган темир сейфни хонадон эгасига очиртириб, ичидаги 1 литрлик банкага солинган жами оғирлиги 500 грамм бўлган 2 жуфт бриллиант тилла занжир, 3 дона бриллиант тилла билак узук, 20 донадан ортиқ тилла узукларни, шунингдек С.Ҳайитовага тегишли бўлган 1 дона кодланиб қулфланадиган кичкина жомадонли аёллар сумкачасини бузиш йўли билан очиб, ичидаги 7.000 АҚШ долларини, 20 млн. сўм пулини, 1 дона 10 граммли ёзувли тилла танга ва 100 грамм бўлган тилла тақинчоқларини, 1 дона сумкаси ичида бўлган 3.050 АҚШ долларини, 45 млн. сўм ва жами 90 грамм бўлган 1 комплект бриллиант кўзли тақинчоқлар, 6 дона тилла узукларини босқинчилик йўли билан талон-тарож қилишиб, ҳодиса жойидан яширинишади.
Олинган тезкор маълумотга асосан суриштирув ишлари олиб борилганида, мазкур жиноятни туманнинг “Қадимий Ангор” маҳалласида яшовчи Б.О танишлари С.Х ва Н.Х.лар билан биргаликда содир этганлиги аниқланди ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Йиғилишда ушбулар ҳақида сўзланар экан, аввало жиноятнинг сабаблари, сўнгра у келтириб чиқарган оқибатлар муҳокама қилинди. Ҳудудда аҳолининг ҳамда маҳалла фаоллари, профилактика инспекторларининг ҳушёрлигини ошириш лозимлиги таъкидланди. Бу каби жиноятчиликни олдини олиш учун зарур профилактик тадбирлар кўрилиши кераклиги айтиб ўтилди.
Албатта, ҳар қандай жиноят ҳеч қачон жавобсиз, жиноятчи эса жазосиз қолмайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши ўз қилмишининг оқибатини ўйлаб, кейин қадам босмоғи лозим. Ваҳоланки биз бугун қонун устуворлиги таъминланган жамиятда яшаяпмиз. Демакки, уни четлаб ўтганларга нисбатан доим чора кўрилади.