Ангор тумани ички ишлар органлари ходимларининг 2022 йил давомида амалга оширган ишлари сарҳисоб қилинди
Жорий йилнинг 25 январь куни Ангор тумани ички ишлар бўлими биносида Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Икромжон Турсунов ҳузурида 2022 йилнинг 12 ойи давомида Ангор туман ИИБ ходимларининг жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш борасида амалга оширилган иш натижалари, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан муҳокама йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўтказилган мазкур йиғилишда туман ИИБнинг барча шахсий таркиби иштирок этиб, ўтган 2022 йилнинг 12 ойи давомида туман ИИБ томонидан жиноятчиликни олдини олиш, бартараф этиш ва фош этиш юзасидан амалга оширилган ишлари, эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил асосида муҳокама этилди.
Шу ўринда туман ҳудудида содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар, айниқса салмоғи ошган қотиллик, ўғирлик, боқинчилик жиноятлари содир этилишига йўл қўйиб берган масъул ходимларнинг ҳозирда ва келгусидаги амалга ошираётган ишлари ҳисоботлари тингланди.
Шу билан бирга, ходимлар томонидан ишга бўлган муносабат, хизмат интизоми, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш ва бошқа бир қатор масалаларга эътибор қаратилди.
Йиғилишда, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник И.Турсунов томонидан 2023 йилда жиноятчиликни жиловлаш ва содир этилганларини фош этиш, ҳар бир маҳалла ҳудудидаги кўчаларга, бино ва иншоотларига, савдо нуқталарига видео кузатув камераларни ўрнатиш, ҳудудларни кўчама-кўча янгидан ўрганган ҳолда барча мавжуд имконият ва камчиликларни киритган ҳолда “йўл ҳарита” ишлаб чиқиш лозимлиги уқтирилди.
Йиғилиш давомида, туманнинг Ҳўжанқо маҳалласи профилактика инспектори капитан Б.Шамаев томонидан ҳудудида содир этилган ўғирлик жиноятини олдини олганлиги ҳамда шахсий ташаббус кўрсатиб фош этганлиги учун пул мукофоти билан рағбатлантиришга тавсия қилинди.
Шу билан бирга йиғилишда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Икромжон Турсунов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2023-йил 20-январь кунидаги 10-сонли қарори мазмун моҳияти тушунтирилиб, ушбу қарор асосида қабул қилинган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси талабларига ҳар бир ички ишлар органлари ходимлари амал қилиши, фуқаролар билан ишлашда ушбу кодекс қоидаларига сўзсиз амал қилиш лозимлиги бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати