29 Август 2025 йил 375

Ангор ҳамда Шеробод туманларида Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигида Президентимизнинг жорий йил 3 январь кунидаги ПҚ-1-сонли Қарорлари ижроси криминоген вазият танқидий муҳокама қилинди.

Куни кеча Ангор туман ҳокимлиги биносида Президентимизнинг жорий йил 3 январь кунидаги ПҚ-1-сонли Қарорлари ижроси бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, тумандаги криминоген вазият муҳокамасига бағишланган танқидий руҳдаги йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов ҳузурида ўтказилган муҳокама йиғилишида, туман ҳокими, прокурори, маҳалла еттиликлари,  нуронийлар, маҳалла фаоллари ва бошқа мутасадди ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Йиғилиш давомида, вилоят масъуллари томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича олиб борилган ишлари ва бошқа камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, айниқса ёшлар, вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаб бартараф этиш лозимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи криминоген вазияти оғир бўлган Шеробод туманидаги “Каттабоғ” маҳалласига ташриф буюриб, амалга оширилган ишларни кўздан кечириб, маҳалла еттилиги аъзолари иштирокида учрашув ўтказди.

Учрашув давомида,  маҳаллани хавфсиз ҳудудга айлантириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ишлаб чиқилган йўл харитаси ижроси ўрганилди.

Шунингдек, маҳалла ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга алоҳида урғу берилди. Вилоят ИИБ бошлиғи ушбу йўналишларда олиб борилаётган чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга Президентимизнинг 2025-йил 3-январдаги ПҚ-1-сонли қарори ижроси, ижтимоий профилактика ҳамда маҳалла еттилиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилиб, бу борада  йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Учрашув якунида, туман масъулларига маҳаллаларда фуқаролар хавфсиз яшашлари учун барча чора-тадбирларни амалга ошириш  лозимлиги айтилиб, маҳалла ҳудудини хавфсиз масканга айлантириш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Text to speech