Қандли диабет касаллиги ва унинг белгилари
Қандли диабет (халқ орасида «сахар касаллиги» деб ҳам айтилади) — танада углевод ва сув алмашинувининг бузилиши натижасида юзага келадиган касаллик. Меъда ости бези функцияси бузилиши оқибати ҳисобланади. Меъда ости бези инсулин гормонини ишлаб чиқаради. Инсулин қандни қайта ишлашда қатнашади. Бу гормонсиз организм қондаги глюкоза миқдорини меъёрда ушлаб тура олмайди ва унинг миқдори ошиб кетади. Натижада организм ортиқча глюкозани сийдик орқали чиқариб юбориши кузатилади. Касалликни турлаш муҳим ҳисобланади, чунки бу касалликнинг турлари бошланғич даврда бир-биридан тубдан фарқ қилади ва даволаш ҳам шунга қараб белгиланади. Касаллик қанча узоқ давом этаверса, уни даволаш усуллари бир-бирга ўхшаб кетаверади.
1-ТИП ДИАБEТ
Шунингдек инсулинга боғлиқ диабет дейилади. Кўпинча ёшлар, 40 ёшгача бўлган, озғин одамлар азият чекади. Касаллик оғир кечади, даволаш учун инсулин берилади.
Сабаби: организм меъда ости бези ҳужайраларини йўқ қилувчи антитана ишлаб чиқаради.
Диабетни 1-туридан бутунлай даволаниб бўлмайди, лекин баъзи ҳолларда без фаолиятини меъёрда ушлаб туриб, парҳезга амал қилинса, касаллик беморни ортиқча безовта қилмайди. Доимий равишда сунъий инсулин қабул қилиш талаб этилади. Инсулин ошқозон-ичак трактида парчаланиб кетиши боис, у фақат инекция орқали овқатланиш вақтида киритилади. Қатъий парҳезга амал қилиб, овқат рационидан енгил ҳазм бўлувчи углеводларни (шакар, ширинликлар, мевали шарбатлар) бутунлай чиқариб ташлаш кўрсатилади.
2-ТИП ДИАБEТ
Бу инсулинга боғлиқ бўлмаган диабет дейилади. Кўпинча ёши катталар, тўлароқ, 40 ёшдан ўтганлар азият чекади.
Сабаби: ҳужайраларнинг озиқ кўплигидан инсулинга таъсирчанлигининг йўқолишидир. Касалликни даволашда ҳар доим ҳам инсулин керак бўлавермайди. Фақатгина малакали шифокор даволаш тартибини белгилай олади.
Аввало бундай беморларга парҳез буюрилади. Шифокор тавсиясига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Тана вазнини меъёрга келгунча аста-секин, ойига 2-3кг тушириб бориш тавсия этилади. Парҳезга амал қилмаганда қонда шакар миқдорини туширувчи дорилар, энг оғир ҳолларда инсулин буюрилади.
ҚАНДЛИ ДИАБEТ БEЛГИЛАРИ ВА АЛОМАТЛАРИ
Касаллик белгилари босқичма-босқич ривожланади ва секинлик билан намоён бўла бошлайди. Асосан қонда глюкоза миқдорининг юқори бўлиши кузатилади.
Беморларда касаллик пайдо бўла бошланганида қуйидаги аломатлар қайд этилади:
- Оғизнинг доимий қуриши;
- Қондириб бўлмас чанқоқлик;
- Кунлик сийдик ажралишининг ошиши;
- Тана вазнининг камайиши ёки бирдан ошиб кетиши;
- Кучлитери қичиши ва қуруқлашиши;
- Тери ва юмшоқ тўқималарда йирингли ярачалар пайдо бўлиши;
- Мушакларнинг кучсизлиги ва ҳаддан ташқари терлаш;
- Ҳар қандай яраларнинг қийин битиб кетиши.
Бу белгилар учраганда шифокор ҳузурига бориш тавсия этилади. Касаллик жиддий асоратлар қолдириши ва кома ҳолатигача олиб бориши мумкин. Касаллик асоратларига қуйидагиларни мисол тариқасида келтириш мумкин:
- Кўришнинг бузилиши;
- Бош оғриғи ва ақлий фаолият пасайиши;
- Юрак оғриғи, жигарнинг катталашиши;
- Оёқлардаги оғриқ ва юришнинг бузилиши;
- Тери, айниқса, оёқларда сезгирлик камайиши;
- Яралар пайдо бўлиши;
- Қон босимининг ошиши;
- Юз ва оёқ шишиши;
- Касалдан ацетон ҳиди келиши;
- Бош айланиши.
САБАБЛАРИ
Касаллик ривожланишининг асосий сабаблари қуйидагилар:
- Ирцият. Албатта, касаллик таъсир этувчи омиллар бўлмаганда ривожланмайди, лекин мойиллик юқори бўлади.
- Семизлик. Ортиқча вазн иккинчи турдаги диабет шакилланишига олиб келади.
- Касалликлар. Инсулин ишлаб чиқариш учун жавобгар бета ҳужайраларини шикастланишига олиб келувчи касалликлар. Уларгапанкреатит, меъда ости бези саратони, бошқа эндокрин безлар касалликлари киради.
- Вирусли инфекциялар(қизамиқ, сувчечак, юқумли гепатит ва бошқа касалликлар). Ушбу инфекциялари диабет ривожланишига ҳисса қўшади. Айниқса, хавф остида бўлган одамлар учун.
- Асабийлашиш, стресс.Стресс, асабийлашишдан йироқ бўлиш тавсия этилади.
- Ёш. Ёш ортиши билан ҳар ўн йилда диабет ривожланиш хавфи икки баравар ортади.
Бу рўйхатга иккиламчи диабет чақириши мумкин бўлган омиллар киритилмаган, чунки асосий омил бартараф этилганда касаллик ҳам тузалиб кетади.
ёзувларга қараб касаллик қандай кечаётганини, асоратлар оғир-енгиллигини билиб, фарқлаш мумкин.
ДИАБEТИК НEЙРОПАТИЯ
Бу қўл-оёқларнинг оғриши, ачиши ёки сезувчанлигини пасайиб кетиши билан намоён бўлади. Сабаби нерв тўқималарининг озиқланиши бузилишидир. Нерв фаолиятини тиклаш учун тиокта кислотаси сақлаган препаратлар ёрдам беради. У танадаги углевод ва липид алмашинувини тиклайди ва асаб тўқималарининг физиологик жараёнлари нормаллаштиради.
КОМА
Кома жуда тез ривожланиши мумкин. Энг кенг тарқалган диабетик кома — кетоатсидотик комадир. Бу қондаги заҳарли моддаларнинг миқдори юқорилиги натижасида келиб чиқади ва бундай ҳолларда зудлик билан беморга тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт.