Америкага ишга юборадиган шахс фирибгар бўлиб чиқди, у тезкор тадбирда қўлга олинди
Термиз шаҳрида яшовчи С.Мансур (исм шарифлар ўзгартирилган) вилоят ҳудудида вақтинча ишсиз бўлган фуқаролар билан танишиб, уларнинг ишончига кириб, 2000 АҚШ доллари эвазига ўзининг элчихонада ишлайдиган танишлари орқали АҚШ давлатига ишга юбориш учун “виза” тўғирлаб беришини айтади. У шу йўл орқали фирибгарлик қилиб, фуқаролардан пул олиб юради.
С.Мансурнинг қармоғига Бойсун тумани “Даштиғоз” маҳалласида яшовчи Т.Камол ҳам илинади ва у С.Мансурга АҚШ давлатига ишга жўнатиш учун “виза” тўғирлаб бериши учун 15 миллион сўм, 700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беради. С.Мансур яна 500 доллар пул олиб келиб беришини айтади. Т.Камол таниши С.Мансурнинг ҳаракатлари шубҳа уйғотади ва туман ИИБга мурожаат қилади.
Шундан сўнг, С.Мансур мижози Т.Камолдан 500 АҚШ долларига ҳисоблаб 5 700 000 сўм пул олаётган вақтда Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими Одам савдосига қарши курашиш бўлинмаси ходимлари томонидан тезкор тадбир давомида қўлга олинди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати