27 Июн 2020 йил 593

Аҳоли муаммоси ва мурожаатлари ўрганилмоқда

Термиз тумани аҳолисининг муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида, Термиз тумани ҳудудидаги “Отчопар” ўйингоҳида сайёр қабул ташкил этилди.
Ушбу сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худойберганов бошчилигидаги Олий суд судьялари, Ички ишлар, Прокуратура, Бандлик, Хотин-қизлар масалалари бўйича вазирликлардан ташриф буюрган вакиллар, вилоятдаги тегишли бошқарма ва жамот ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этишди.
Ички ишлар тизимига боғлиқ бўлган масалалар бўйича, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги масъул ходимлари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди.
— Ўзбекистон Республикасига 1992 йилда Тожикистондан оилам билан бирга кўчиб келганман, — дейди «Қорахон» маҳалласида яшовчи Исмоил Мамадиёров. — Жарқўрғон туманида доимий рўйхатдан ўтганмиз. Аммо Термиз туманида яшаганлигим, эътиборсизлик сабаб ўша йили икала ҳудуднинг ҳам хўжалик китобига киритилмай, 1996 йилда киритилганман. Эндиликда ўзим ва фарзандларим Ўзбекистон фуқаролигини олишимиз учун зарур ҳужжатларни тўпладим. Бироқ Жарқўрғон туманидаги маҳалла хўжалик китобида йўқсиз деб, маълумотнома бермаётганди. Сайёр қабулда ушбу бўйича мурожаат қилгандим, шу ернинг ўзида ҳал қилишди ва ҳужжатларимни қабул қилишди.
Сайёр қабулга ҳар бир бир одам ўзининг муаммосини ижобий ҳал қилиш умидада келган, албатта. Аммо уларнинг қилган мурожаатларининг айримлари жойида ижобий ҳал этилса, айримлари эса маълум муддат талаб қиладиган масалалар. Яна бир гуруҳ фуқароларга эса мурожаати юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам берилди.
Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш мақсадида, Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худойберганов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жойларда сайёр қабуллар давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech