Афв этилганлар ижтимоий ҳаётга йўналтирилмоқда
Адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш ўзини инсонпарвар давлат, деб биладиган ҳар қандай мамлакат олдидаги муҳим масалалардан биридир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 21 май кунидаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги ПФ-5498-сонли Фармонига мувофиқ, 258 нафар фуқаронинг жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйларига қайтарилиши кўплаб оилаларга қўшалоқ байрам шукуҳини улашди.
Афв этилганлар орасида 8 нафар сурхондарёлик маҳкумлар ҳам бўлиб, улар орасидан бир нафари берилган асосий жазодан тўлиқ, етти нафари эса берилган жазо муддатидан илгари шартли озод қилиниб, ўз уйларига қайтарилиши уларнинг оналари, аёллари, фарзандлари қалбини шодликка тўлдирди.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов билан биргаликда ана шу 8 нафар Сурхондарёлик афв этилганларни қабул қилиб уларнинг ижтимоий муаммолари ўрганилди.
Қабулда вилоят ҳокими афв этилганларга халқимизга хос бағрикенглик фазилатини намоён этган Президентимизнинг ишончини оқлаб, жамиятда ўз ўрнини топиши, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозимлигини таъкидлади.
– Дунёда озодликдан улуғроқ неъмат йўқ экан. Шу неъмат туфайли биз яқинларимиз қуршовида бахтли ҳаёт кечирарканмиз, – дейди афв этилган маҳкумлардан бири Абдурасул Шакиров. – Мен ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонман. Президентимиз мен каби адашганларни афв этиб, тўғри йўлга тушишимиз учун имконият бердилар. Энди фақат ҳалол меҳнат билан эл-юртга фойда келтираман.
Ҳа, инсон ҳаётда билиб-билмай хатога йўл қўйиши мумкин. Лекин мутафаккирлар айтганидек, “хатолар, агар уларни тан олиб, пушаймон бўлишга бўйин ёр берса, ҳамиша кечиримлидир”.
Қабулда Тўра Боболов мутасаддиларга афв этилганларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва шу каби бошқа ҳаётий масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан тегишли кўрсатмалар бериб ўтди.