7 Май 2024 йил 439

9 май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ИИВ Сурхондарё Академик лицейида “Уч авлод” учрашуви ўтказилди.

Тарихга назар солмасдан, келажакка боқиб бўлмайди. Бинобарин, инсонни инсон этиб тарбиялашда энг яхши восита бу “тарих”- деб, бежизга айтилмаган. Кўпни кўрган кекса ва нуронийларимиз эса тирик тарихга қиёс қилинади. Чунки улар улуғ ёшни яшаб, ҳаёт йўлидаги мураккаб тўсиқларни енгиб ўтиш сир-синоатларини ёшларга мисоллар орқали ўз тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ўгитларини берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “9-май Хотира ва қадрлаш куни”ни кенг нишонлаш, II жаҳон урушида ғалабага муносиб ҳисса қўшган барча меҳнат ва уруш фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш борасида берилган топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2024 йил 29 апрель кунидаги тегишли фармойиши талаблари ижросини таъминлаш, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг хотирасини улуғлаш, фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 7 май куни Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё Академик лицейида “Жасорат—миллат ғурури ва ифтихори” шиори остида “Уч авлод” учрашуви ўтказилди.

Учрашувда, дастлаб вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Шадиев сўзга чиқиб, жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай бебаҳо бойликни муттасил мазмунан бойитиб бориш, Ўзбекистон тараққиёти йўлида бир муштга жипслашиб, давлатимиз раҳбарига таянч ва суянч бўлиб хизмат қилиш, келгуси авлодларни шу руҳда камол топтириш муқаддас бурч эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши аъзоси истеъфодаги майор Б.Шодиев ҳамда фахрий устозлар сўзга чиқишиб, ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибалари, хизмат давридаги ўзига хос қийинчиликлар ва машаққатлар ҳақида сўз юритди.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан нуронийлар қолаверса ички ишлар органлари ходимлари учун яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш кераклиги ҳақида сўзлашиб, фахрий устозлар тизимда хизмат олиб бораётган ёш ходимлар учун доимий равишда масъул эканликларини таъкидлаб ўтишди.

Учрашув давомида, Академик лицей ўқувчилари томонидан байрам тадбири учун тайёрланган шеър, қўшиқ ва бадиий саҳна кўринишлари намойиш этилиб, тадбирда йиғилганларга ўзгача завқ ва шавқ бағишлади.

Тадбир сўнгида сана муносабати билан фахрий устозлар шунингдек, ўқув дарслари давомида юқори натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ ўқувчиларга бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари ва китоблар тўплами топширилди.

Албатта бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб бориш, ёш авлоднинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини, маънавий дунёқарашини ва интеллектуаль салоҳиятини янада юксалтириб, ёш авлод онгида Ватан ҳимояси ҳар бир фуқаронинг шарафли ва муқаддас бурчи эканлигини, давлат ва жамият хавфсизлигини таъминлашда масъулият туйғусини янада оширишга хизмат қилади.

Text to speech