8 Май 2024 йил 403

«9 май – Хотира ва қадрлаш куни» арафасида Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига Президент табригини ўқиб эшиттирди.

Иккинчи жаҳон урушига Сурхондарё вилоятидан 53 минг 365 нафар йигит жўнатилган бўлиб, ҳозирги кунда 3 нафар уруш фахрийлари вилоятимизда умргузаронлик қилишмоқда.

Шу инсонлардан бири сўлим Бойсун туманининг Темир дарвоза маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Шоҳимардон Ҳамроев бугун ўн нафар ўғил қизидан 100 дан ортиқ набира, 70 нафар чевара ҳамда 28 нафар эваралари қуршовида тинч ва осуда ҳаёт ҳаёт кечирмоқда. Иккинчи жаҳон урушига 79 йил ўтган бўлсада, отахон ўша даврларни бир ғам ва алам билан ёдга олади, кези келганида кўзига ёш қалқийди, ҳозирги дориломон кунларига шукроналар келтиради.

Бойсун  туманида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан биргина инсон – Шоҳимардон Ҳамроев биз билан ҳамнафас ҳаёт кечирмоқда. 103 ёшни қаршилаган отахон тинчликни қадрига етишни, уни севишни ҳар сўзида бот-бот такрорлайди ва келажак авлод билан бўлиб ўтадиган ўгитларида шунга ундайди.

Бугун вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тимур Исмаилов, туман сектор раҳбарлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари Ш.Ҳамроевнинг хонадонида бўлишди.

Уруш фахрийсига Давлатимиз раҳбарининг байрам табригини ўқиб эшиттириш асносида, Президентимизнинг фармонига мувофиқ, Шоҳимардон отага 20 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совға саломлари тантанали равишда топширилди.

Отахон билан бўлиб ўтган самимий суҳбат давомида давлатимизга, Президентимизга ўз миннатдорчилигини изҳор этиб, тинч-осуда кунларимиз бардавом бўлишини тилаб, дуога қўл очди.

Text to speech