66 нафар шахсга ID-карталар тантанали равишда топширилди
Конституция ҳуқуқ ва эркинликларимизни
кафолатловчи асосий қонунимиз саналади. Ваҳоланки, биз ана шу қонундаги
ҳуқуқларимиз орқали кишилик жамиятида озод ва эркин бўлиб яшаймиз, меҳнат
қиламиз. Бугун ушбу қонун ҳужжатининг — Ўзбекистон Республикаси
Конституциясининг қабул қилинганлигига 31 йил тўлди. Ушбу сана муносабати билан
Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш
бўлимлари томонидан воҳада истиқомат қилиб келаётган 2007 йил 8 декабрь куни
туғилган 66 нафар шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация
ID-карталари тантанали равишда топширилди.
Хусусан, Денов туманида ҳам туман ҳокими И.Аброров ва туман ИИБ бошлиғи
Ғ.Хўжамқуловлар иштирокида бугун 16 ёшга тўлган бир гуруҳ ёшларга ID-карталар
топширилди. Тадбир давомида Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат томонидан
ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки
рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилгани алоҳида таъкидланди. Асосий
қонунимизнинг алоҳида боби – ХIV боб “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган ва
унда ёшларга оид қатор нормалар ўрин олган. Бундай янгича ёндашув, шубҳасиз,
Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигидан яққол далолатдир.