19 Сентябр 2020 йил 844

52 нафар ходим “Меҳр-саҳоват” кўкрак нишонига муносиб кўрилди

Тинчлик ва осойишталик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда, жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашиб, оқибатларини бартараф этишда ички ишлар органлари ходимлари мардлик ва жасорат намунасини кўрсатиб келмоқда.
Пандемия шароитида ички ишлар органлари ходимлари ҳуқуқбузарликлар билан бирга жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, пинҳона содир этилган жиноятларни фош этишда фаоллик кўрсатиб, эл ишончига сазовор бўлди. Бундан ташқари, ходимларимиз юртимизда глобал пандемия, фавқулодда ҳолатларда дўстлик ва тотувликни таъминлаб, меҳр-оқибатни тарғиб этишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Ушбу жараёнда ички ишлар органлари ходимлари пандемия даврида маънавий кўмакка, моддий ёрдамга муҳтож, чорасиз одамларга кўмаклашиш, йиқилганни суяш каби халқимизнинг азалий қадриятларидан келиб чиқиб “Меҳр-саҳоват” умумхалқ ҳаракати тадбирида ҳам туну кун хизматда бўлишди. Зеро, саҳоватпешалик билан қанчадан қанча кемтик кўнгиллар меҳрга тўлиб, эътибордан четда қолган манзиллар обод ва кўркам маконга айлангани ҳақиқат.
Шу боис мамлакатимизда карантин тадбирлари бошлангандан буён ички ишлар органлари ходимлари ёлғиз, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан меҳр-мурувватини дариғ тутмади. Коронавирус пандемияси бошлангандан буён вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари вилоятда истиқомат қилувчи кам таъминланган ижтимоий химояга мухтож оилаларга меҳр-саховат тадбири доирасида 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришди. Бу борадаги ишларимиз ҳали давом этмоқда.
Албатта, хизмат қилган элда азиз, деганларидек, ички ишлар органлари ходимларининг машаққатли ва масъулиятли хизмати ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланмоқда. Коронавирус пандемияси даврида ҳуқуқбузарликлар, жиноятчиликни барвақт аниқлаб олдини олиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тадбирларида фаол иштирок этгани учун Президентимизнинг 2020 йил 26 май кунидаги ПФ-5999-сонли фармонига асосан таъсис этилган “Меҳр-саҳоват” кўкрак нишони билан бир гуруҳ Ички ишлар органлари ходимлари тақдирланди. Улар орасида 52 нафар Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳам бор.
Вилоят ИИБ бошқармасида бўлиб ўтган тантанали маросимда вилоят ИИБ бошлиғи А.Исмоилов барча тақдирланган ИИБ ходимларини табриклаб, кўкрак-нишонларини топширди.
Сурхондарё вилоят ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech