7 Апрел 2022 йил 1143

Жиноятга жазо муқаррар. Шўрчида қотиллик жиноятини содир қилишда гумонланаётган шахс Домодедово аэропортида қўлга олинди

Жорий йилнинг 6 апрель куни соат 18:30ларда Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Яккабоғ” маҳалласининг хонадонларидан бирида, нафақахўр, 1965 йил туғилган Х.Х.нинг жасади бўйин соҳасига ўткир тиғли жисм билан етказилган тан жароҳатлари ҳамда қизи, Сариосиё тумани “Зағнабод” қишлоғида доимий рўйхатда турувчи, уй бекаси, 1992 йил туғилган М.З.нинг жасади юқори нафас йўллари ва бўйин аъзоларига ўткир тиғли жисм ёрдамида етказилган тан жароҳатлари билан топилган.
Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а,ж” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси томонидан, мазкур қотиллик жиноятини содир этишда гумонланган, М.З.нинг собиқ турмуш ўртоғи, Сариосиё туманида истиқомат қилувчи, 1984 й.т. Н.С.га нисбатан маҳаллий ва халқаро қидирув эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Тожикистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси билан ҳамкорлигида амалга оширилган қидирув ишлари натижасида, гумондор Н.С., жавобгарликдан қутулиш мақсадида, Сурхондарё вилоятидан, Тожикистон Республикасига ўтиб, у ердан Россия Федерациясига кетганлиги аниқланган.
Россия Федерациясида хизмат сафарида бўлган Сурхондарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан, россиялик ҳамкасблари ҳамкорлигида, гумондор шахс Москва вилоятининг Домодедово аэропортида қўлга олинган.
Ҳозирда гумондорни Ўзбекистон Республикасига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech