Жиноий гуруҳ қўлга олинди
Сариосиё туманида 2021 йилнинг 31 март куни, туманнинг “Шоқишлоқ” маҳалласида яшовчи, Т.С. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 30 март кунидан 31 март кунига ўтар кечаси, номаълум шахс, молхонасидан 6.500.000 (олти миллион беш юз минг) сўмлик 1 бош қора молини ўғирлаб кетганлигини билдирган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида, ушбу жиноятни Денов туманида яшовчилар, Г.С., М.Х, М.М. ва М.А.лар содир этишганлиги аниқланиб ушланган ва улардан ашёвий далил олинган. Осон йўл билан мўмайгина пул орттиришни мақсад қилиб, гуруҳ бўлиб ўғрилик жиноятини содир этган Г.С., М.Х, М.М. ва М.А.ларга нисбатан 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в,г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Г.С., М.М. ҳамда М.Х.лар илгари ҳам бир неча маротаба жиноят содир этиб қонун олдида жавобгар бўлиб, қилган қилмишларидан пушаймон бўлганлигини наҳот тез унутган бўлса, М.А. ҳам ўзи илгари ўғрилик жиноятини содир этганлиги учун ҳозирда ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилиниб, Денов тумани ИИБ пробация ҳисобида жазо муддатини ўтаб келаётган бўлишига қарамай яна такрор ўғрилик жиноятини содир этиши ота-онаси қолаверса давлат олдида нонкўрликдан далолат эмасми?!
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати