Узун туманида бир гуруҳга бирлашган безориларга жиноят иши қўзғатилди.
Узун туманида 2021 йил 31 июль куни соат 22:30ларда Сариосиё туманида яшовчи фуқаролар А.Одилжон, Ш.Далер, Б.Шахзод, Н.Асқар ва Р.Шахбозлар безорилик қилиш мақсадида бир гуруҳга бирлашиб, жамоат жойи бўлиб ҳисобланган Узун тумани “Ўзбекистон” маҳалласи “Ўзбекистон” кўчасида жойлашган чорраҳа ёнида туманнинг “Наврўз” маҳалласида яшовчи вояга етмаган Р.Суннатулло билан ҳеч бир сабабсиз жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, атрофида фуқаролар кўп бўлишига қарамасдан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганликларини англаган ҳолда, вояга етмаган Р.Суннатуллони уриб-дўппослаётган вақтида, шу яқин ўртада жамоат тартибини сақлаш учун хизматга жалб қилинган Узун туман Ички ишлар бўлими ходимларининг бир неча бор огоҳлантиришларига қарамасдан, ўзларининг безорилик ҳатти-ҳаракатларини тўхтатмасдан, жамоат тартибини сақлашга ва жанжални бартараф этишга уринган туман ИИБнинг 2 нафар ходими С.М. ҳамда С.Қ.ларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга безорилик натижасида қасддан тан жароҳати етказишган.
Судга оид тиббиёт экспертиза хулосасига кўра, ички ишлар органи ходими С.М.нинг баданида тан жароҳати оғирлик даражасига кўра “Соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил” тан жароҳатлари эканлиги, шунингдек, ички ишлар органи ходими С.Қ. ҳамда вояга етмаган Р.Суннатуллонинг баданида “Енгил” тан жароҳатлари эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар А.Одилжон, Ш.Далер, Б.Шахзод, Н.Асқар ва Р.Шахбоз ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати