Термиз туманида, Ички ишлар органларида хизмат ва ижро интизоми, танқид ва таҳлил қилинди
Жорий йилнинг 19 февраль куни Термиз тумани ички ишлар бўлими ходимлари ўртасида, қонунчиликка риоя қилиш, коррупциянинг олдини олиш, таъмагирликка йўл қўймаслик ва бошқа масалаларда йиғилиш ўтказилди.
Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник А.С.Исмоилов ҳузурида ўтказилган ушбу йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник О.Рўзиқулов, бошқарма бошлиғи ўринбосари подполковник У.Ўтаев, Термиз тумани ИИБ бошлиғи подполковник М.Амантўраевлар иштирок этишди.
Мазкур йиғилишда энг асосий масала ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ходимлар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ходимлар томонидан тамагирликка йўл қўймаслик масаласи муҳокама қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан бошқарма бошлиғи А.С.Исмоилов, Ички ишлар органларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, бунда ички ишлар соҳасини халқ манфаатларига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим ички ишлар органлари хизматига кириш олдидан қилган қасамёдига содиқ қолган ҳолда Ватан тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида садоқат билан хизмат қилиши зарурлиги бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, ходимлар томонидан йўл қўйиб келинаётган камчиликлар, хусусан хизмат интизомига риоя этмаслик, ўзига юклатилган вазифаларга масъулиясизлик билан муносабатда бўлиш, энг ачинарлиси, турли кўринишдаги тамагирлик, зўравонлик ва бошқа жиноятлар содир этилаётганлиги, шу билан бир қаторда ҳудудларда фуқаролар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ишларнинг етарли даражада олиб борилмаётганлиги қаттиқ танқид остига олинди.
Шу билан бирга, ҳар бир ички ишлар органи ходимлари билан суҳбат ўтказилиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, маҳаллий ҳокимлик кўмагида уларнинг ижобий ечимини ечиш бўйича тегишли чоралар белгилаб олинди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати