31 Январ 2023 йил 637

Сурхондарёда маст ҳайдовчи ЙПХ инспекторига пора бериш эвазига жавобгарликдан қутилишни мақсад қилди

Термиз туманида яшайдиган Санжар Пирматов (исм шарифлар ўзгартирилган) “Кобальт” русумли автомашинасида Термиз шаҳридаги Раъно Узоқова номли кўчада ҳаракатланиб бораётганида йўл-патруль хизмати ходимларини тўхтатади. Улар автомашина ҳужжатлари билан танишиш чоғида ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилганини илғаб қолади. Шу ерда хизматда фойдаланиш учун берилган алкотестер мосламаси орқали Санжар Пирматов текширувдан ўтказилганида унинг маст экани аниқланади.

Сурхондарё вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ инспектори, сержант О.Абдуназаров ҳолат бўйича тегишли электрон маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига жойлаштиради. Ҳайдовчи Сурхондарё вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ 1-сафарбарлик отряди командири, катта лейтенант Б. Юлдашевнинг олдига бориб, икки миллион сўм маблағ эвазига ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомадаги ҳуқуқбузарликни бекор қилдириш ҳамда автомашинани жарима майдончасидан чиқариб беришни сўрайди.  

Катта лейтенантнинг маслаҳат ва тушунтиришига қулоқ тутмаган маст ҳайдовчи Б.Юлдошевга илтимос қилишда давом этиб, нақд икки миллион сўм пора беришга қуюқ ваъда беради. Ҳолат юзасидан катта лейтенант Б.Юлдошев тегишли тартибда билдирги билан мурожаат этгач, ИИВ ШХББ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва Термиз шаҳар иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ташкил этилиб, ғайриқонуний бу ҳаракатга чек қўйилди.  

Санжар Пирматов Термиз шаҳридаги “Мангузар” йўл-патрул хизмати маскани ёнида катта лейтенант Б.Юлдашев бошқарувидаги “Треккер” русумли хизмат автомашинасининг олд йўловчи ўриндиғига ўтириб, унга икки миллион сўмни пора сифатида бераётганида ушланди.  

Тегишли тартибда расмийлаштирилган ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Термиз шаҳар бўлими Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан С.Пирматовга нисбатан жиноят иши қўзғатди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Text to speech