Сурхондарёда маданий-маърифий тадбирлар якунига бағишланган гала-концерт бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 9-14 сентябрь кунлари маҳалла фуқаролар йиғинларида пойтахтдан ташриф буюрган 160 га яқин таниқли олим ва шоирлар, қўшиқчи санъаткорлар, театр ва кино арбоблари иштирокида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида концерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар, ижодий учрашувлар, энг сара кинофильмлар намойиши юксак савияда ташкил этилди.
Куни кеча Термиз шаҳридаги Санъат саройи амфитеатрида ушбу дастурнинг якунига бағишланган гала-концерт бўлиб ўтди.
Байрам аввалида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов воҳамиз аҳлининг қўлга киритаётган ютуқлари билан ўртоқлашиш, олис қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган меҳнатсевар халқимиз билан жонли мулоқотлар уюштириш, концерт дастурлари, ижодий учрашувлар ташкил этиш мақсадида қарийб бир ҳафта давомида халқимиз билан ҳамнафас бўлиб ўзларининг энг сара ижод намуналари, куй-қўшиқлари билан юртдошларимиз қалбига кириб борган таниқли шоир ва ёзувчилар, элимиз суйган санъаткорлар, кино саньати усталари, маьнавият тарғиботчиларига миннатдорчилик билдирди.
Маҳаллалар, ўқув муассасалари, меҳнат жамоалари, пахта далаларида 400 га яқин маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашув ҳамда концерт дастурлари ташкил қилинганлиги ва 300 мингга яқин аҳоли вакиллари, ёшлар қамраб олингани таъкидланди.
Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, хизмат кўрсатган артистлар Анвар Ғаниев, Нилуфар Саидова, Дилфуза Раҳимова, Қурсия Эсонова, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Исроил Саидумаров, Ирода Искандаров, Ёдгор Мирзожонов, Ўзбекистон давлат филармонияси хонандалари Сурайё Қосимова, Ҳилола Самиева, эстрада хонандалари Сардор Мамадалиев, Мухлис Бердиев, Кумуш Мўминова ва бошқа бир гуруҳ санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар иштирокчиларнинг мароқли дам олишига хизмат қилди.