2 Июн 2023 йил 307

Сурхондарёда 6 та туман ғаллакорлари мамлакатимизда биринчи бўлиб белгиланган режани бажарди

Жорий йил ҳосили учун Ангорда 6 500, Бандихонда 4 688, Жарқўрғонда 7 877, Қизириқда 10 190, Музработда 10 700 ва Термиз туманида 2 900 гектар майдонда маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос, эртапишар ва серҳосил навли уруғлар экилди. Экинлар замонавий технологиялар асосида парвариш қилиниши самарасида кутилган ҳосил етиштирилди.

Ҳосилни қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш ишлари оқилона ташкил этилиши натижасида жорий йил 1 июнь ҳолатига Ангорда 9 171, Бандихонда 13 520, Жарқўрғонда 18 131, Қизириқда 23 437, Музработда 23 609 ва Термиз туманида 5 809 тонна товар дон йиғиб олиниб, режа мамлакатимизда биринчи бўлиб ортиғи билан бажарилди.

Ўриб олинган майдонларда ўртача ҳосилдорлик 77-80 центнерни ташкил этгани ҳолда, илғор фермер хўжаликлари томонидан бир гектар ғалла майдонидан 100 центнергача ҳосил олинишига эришилди. Кўтарилган хирмонга туманларда фаолият юритаётган кластерлар ва фермер хўжаликлари бирдек катта ҳисса қўшди.

Ҳозирда вилоят бўйлаб қолган майдонлардаги ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Бугун вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов белгиланган режани мамлакатимизда биринчи бўлиб бажарган 6 та туманнинг сектор раҳбарлари, энг илғор фермер хўжаликлари ва кластерлар раҳбарларини эришилган натижа билан табриклаб, уларнинг самарали меҳнатларини рағбатлантириш мақсадида вилоят ҳокимлигининг совғаларини топширди.

Text to speech