10 Май 2024 йил 1319

Сурхондарё вилоятида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари савдосининг олди олиниди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан “Дарбанд” ЙПХ масканида ўтказилган рейд тадбирлари давомида, жорий йилнинг 7 май куни соат 07:10 ларда Денов-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Денов туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро М.Ш. бошқарувидаги Кобалт русумли автомашина ҳам тўхтатилиб юкхонаси текширилганида бирор бир тегишли ветеринария ҳужжатларисиз 140 (бир юз қирқ) кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётганлиги аниқланган.

Шунингдек, 7 май кунидан 8 май кунига ўтар кечаси соат 02:30 ларда шу йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Денов туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро А.А. бошқарувидаги Кобалт русумли автомашина тўхтатилиб юкхонаси текширилганда ҳеч қандай ветеринария хужжатларисиз 475 (тўрт юз етмиш беш) кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётганлиги аниқланган.

Айнан шу масканда рейд тадбири давом эттирилиб, соат 02:50 ларда Шўрчи-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Шўрчи туманида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро Н.Ж. бошқарувидаги Кобалт русумли автомашина юкхонаси текширилганда тегишли ветеринария хужжатларисиз 400 (тўрт юз ) кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётганлиги маълум бўлган.

Юқорида аниқланган ҳолатлар бўйича гўшт маҳсулотларининг истеъмолга яроқли ёки яроқсиз эканлигини текшириш мақсадида, вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази лабораториясига тақдим этилганида, истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланиб гўшт эгаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига асосан маъмурий байённома расмийлаштирилиб, гўшт маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, инсон соғлиги учун хавф туғдириши мумкин бўлган гўшт маҳсулотларининг бир суткалик рейд тадбири давомида аниқланган ҳолати 1.015 (бир тонна ўн беш) килограмни ташкил этиб тагишли тартибда йўқ қилинган. Бу борадаги рейд тадбирлар давом эттирилмоқда.

Text to speech