17 Декабр 2024 йил 884

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Денов туманига ташриф буюриб, дастлаб марказий Шароф Рашидов кўчасидан Қизилсув дарёси бўйида ташкил этилаётган сайлгоҳгача бўлган ҳудудни кўздан кечирди.

Пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, транспортлар ҳаракатини тартибга солиш, йўлларни музламалардан тозалаш ишлари етарли даражада бажарилмаганлиги, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқилмаганлиги танқид қилинди. Шунингдек, қисқа муддатда сайлгоҳ ҳудудида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркасини ташкил этиш, байрам арчаси ўрнатиш ишларини якунлаш топшириғи берилди.

Шундан сўнг, қурилиш материаллари ва мол бозорида инфратузилмани яхшилаш бўйича берилган топшириқларга асосан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти билан танишилди. Ҳудудда барча зарур шароитларни ўз ичига олган, ёпиқ "дренаж" тизимига эга замонавий савдо комплекси қуриш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш, унда сотувчи ва харидорлар учун барча қулайликлар бўлишини инобатга олиш вазифаси топширилди. Лойиҳалар пухта ишлаб чиқилиб, келишувлардан ўтгач, қурилиш ишлари бошланиши таъкидланди.

Шунингдек, ташриф давомида туман марказидаги қатор кўчаларнинг ободлиги, йўлларнинг музламалардан тозаланиши кўздан кечирилиб, қўшимча ишчи кучини жалб қилган ҳолда пиёдалар ва транспортлар ҳаракати учун хавфсизликни таъминлаш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш топшириқлари берилди.

Text to speech