Сурхондарё вилояти ИИБда мерганлар беллашуви ўтказилди
Сурхондарё вилояти Ички ишлар органларида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш олий бурчимиз!” шиори остида ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида, Термиз шаҳар Ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби ўртасида 9 мм Макаров тўпончасини тўлиқсиз қисмга ажратиш ва қайта йиғиш ҳамда жанговар қуролдан ўқ отиш бўйича мусобақа ўтказилди.
Ушбу мусобақада вилоят Ички ишлар органлари ходимлари ўқотар қуроллардан махсус ҳаракатларда моҳирона ҳамда самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, табель қуролидан тўғри фойдаланиш, тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш, жанговар қуролдан ўқ отиш бўйича маҳоратларини намоён этишди.
Муросасиз ва кескин руҳда бўлиб ўтган мусобақада ғолиб бўлган ҳамда совринли ўринларни қўлга киритган ходимлар Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг биринчи, иккинчи, учинчи даражали диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ватанпарварлик ойлиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати