Сиёсий қатағон йилларининг сабоқлари – бугунги авлод учун ибрат мактаби
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 19-июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги ПҚ–270-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, мамлакатимизда октябр ойининг биринчи ҳафтаси “Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш хафталиги” ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан
жорий йилнинг 7-октябр куни Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё академик лицейида ўқувчилар
иштирокида “Сиёсий қатағон қурбонларининг хотирасини ёд этиш” мавзусида давра суҳбати
ташкил этилди. Тадбир давомида ўқувчиларга ўзбек халқининг миллий уйғониш даври
намоёндалари — Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла
Авлоний каби маърифатпарвар зиёлиларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумотлар
берилди.
Давра суҳбатида академик
лицейнинг “Ҳуқуқшунослик ва ижтимоий гуманитар” фанлар кафедраси мудири тарих фанлари
бўйича фалсафа доктори (PhD) М.М.Алланазаров сўзга чиқиб, сиёсий қатағон йиллари
тарихига оид муҳим факт ва маълумотларни баён этди. Шунингдек, 2025-йилда қайта
нашрдан чиққан “Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари”
номли китоб тақдимоти ўтказилди. Ўқувчиларга мазкур асарнинг мазмун-моҳияти атрофлича
тушунтирилиб, сиёсий қатағон даврида халқимиз бошидан кечирган оғир синовлар ҳақида
батафсил маълумотлар берилди. Давра суҳбати давомида, сиёсий қатағон даврида ҳаётини
фидо қилган аждодларимиз хотирасига бағишланган слайд ва видеороликлар намойиш этилди.
Бу эса ўқувчиларда чуқур таассурот қолдирди.
Мазкур тадбир ёш авлодни ватанпарварлик, тарихий хотирага ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ўз халқининг мураккаб тарихидан сабоқ олишга йўналтириш мақсадида ўтказилди.