16 Феврал 2021 йил 822

Сайёр учрашувда муаммолар ўз ечимини топмоқда

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник А.Исмоилов ҳамда вилоят 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари томонидан навбатдаги сайёр учрашувлари Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бойсун, Бандихон ва Шеробод туманларидаги 3-сектор ҳудудларидаги маҳаллаларда бўлиб ўтди.
Қабул жараёнида вилоят ИИБ бошлиғи ёшлар ва аёлларнинг мурожаатини тинглар экан, жами 400 га яқин турли соҳага доир масалалар кўриб чиқилди. Мисол учун, биргина деҳқон хўжалиги ташкил этиш, ер ажратилиши бўйича қилинган 77 та мурожаатчининг 40 нафарига полиз маҳсулотлари етиштириш учун 0,25 сотихдан ер майдони ажратиб берилди. Шунингдек, 8 та хонадон вакили яшаш уйида электр токи мавжуд эмаслигини маълум қилиб, кўмак сўраганда уларнинг мурожаати электр таъминоти ходимлари иштирокида ўрганилиб, жойида бартараф этилди.
Ёғингарчилик кунларда лой кўчадан ўтишнинг ўзи бўлмайди. Ёз-ёруғда эса тупроқнинг чангидан одамлар азият чекишади. Кўплаб туманларимизнинг чекка ҳудудларида бундай кўчалар кўплиги сир эмас. Қабулда аксар фуқароларнинг дарду-ташвиши ички йўлларни тошлаш, таъмирлаш, кенгайтириш эканлиги янада ойдинлашди. Муҳими, ушбу мурожаатларнинг барчаси ҳал этилди. Бундан ташқари, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бойсун, Бандихон ҳамда Шеробод туманларидаги ҳудудларда катта ариқларга темир-бетон қопламали труба қўйилиб, атрофи тош билан қопланиб, аҳоли учун қулайлик ҳам яратилди.
Айниқса, сайёр учрашувга келган аҳоли учун ўша ернинг ўзида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилгани кўпчилик учун айни муддао бўлди. Тиббий ёрдамга муҳтож қатламини ўрганиш бўйича эса малакали тиббиёт ходимлари жалб этилиб, 1500 нафарга яқин фуқаро кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 547 нафари амбулатор усулда, 41 нафарига эса стационар равишда даволаниши учун йўлланма берилди. Қумқўрғон туманидаги “Ғалаба” маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногирони Г.Донаевага 1 дона ногиронлик аравачаси ва II гуруҳ ногирони Й.Марданақуловга 1 дона қўл таёқчаси ҳам берилди.
Хабарингиз бор, қишлоқларда табиий газ етиб бормаган ҳудудларда одамлар асосан суюлтирилган газдан фойдаланишади. Айрим хонадонлар газ баллонлари билан таъминлашни сўраб ҳам мурожаат қилишганда уларнинг 17 тасига ўша куннинг ўзидаёқ суюлтирилган газ баллонлари олиб берилди.
Мурожаатчилар орасида 23 нафар фуқаро иш билан таъминлангани шунча хонадоннинг рўзғорига барака кирди.
Шу билан бир қаторда, имтиёзли кредит олиш, эскирган сим ёғочларни алмаштириш, тоза ичимлик суви билан таъминланиш, уй-жойни кадастр қилиш бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг айримлари ечим топган бўлса, маълум вақт талаб қиладиганлари эса назоратга олинди.
Учрашувлар давомида ёшларни касбга қизиқтириш учун уларга мутахассислар, ҳунармандлар ва ёш тадбиркорлар томонидан тадбиркорликка жалб қилиш ва бошқа белгилаб берилган йўналишлар бўйича тушунчалар ҳам берилиб ўтилди.
Ҳар бир ҳудуддаги 17 та эҳтиёжманд оила вакилларига 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам тарқатилди. Бу билан чекланиб қолмасдан, кўмакка муҳтож оилаларнинг уй-жойини таъмирлаш, томорқасини экишга тайёрлаш ва уруғликлар олиб бериш бўйича ҳам амалий ёрдамлар кўрсатилгани кўплаб хонадон вакилларининг муаммолартини ҳал этди.
Албатта, бундай учрашувлар сектор раҳбарлари билан аҳолини янада яқинлаштиради. Муҳими, одамларни қийнаётган масалалар жойига бориб батафсил ўрганилгач, уларнинг ечимлари ҳам очиқ-ойдин юзага чиқади. Асосийси эса, халқнинг розилиги, эртанги кунга ишончи уйғонишига хизмат қилади.

Сурхондарёвилояти ИИБ Ахборотхизмати

Text to speech