6 Апрел 2020 йил 847

Россиядан Термизга келган ватандошларимизнинг аҳволи қандай?

Жорий йилнинг 28 март куни Сурхондарё вилоятига чартер рейс орқали Россиядан 239 ватандошимиз олиб келингани ва тайёрланган махсус жойда карантин кузатувига олингани ҳақида хабар берган эдик.

Уларнинг 39 нафари Тошкент шаҳри, 24 нафари Андижон, 17 нафари Бухоро, 10 нафари Жиззах, 9 нафари Сурхондарё, 21 нафари Қашқадарё вилояти, 11 нафари Қорақолпоғистон Республикаси фуқароларидир.

Шунингдек, Навоий вилоятидан 4, Намангандан 30, Самарқандан 28, Сирдарё вилоятидан 6, Фарғонадан 21, Хоразмдан 5, Тошкент вилоятидан 14 нафар юртдошларимиз ҳам мазкур рейс билан Термиз шаҳрига келиб қўнган.

–Улар Ангор туманида 14 кунлик карантин муддатини ўтамоқда,– дейди вилоят санитария-эпедемиологик осойишталик маркази бош шифокори А.Мустанов. – Хориждан келган бу фуқаролардан белгиланган тартибда лаборатория таҳлиллари олинди. Барчасига манфий хулоса берилди. Кузатувга олинган ватандошларимиз кузатув даврини кўнгилдагидек ўтказиши учун зарур санитар-гигиеник воситалар, бадиий китоб ва спорт анжомлари билан таъминланган.

Маълумотларга кўра, вилоятда 5 минг 336 нафар фуқаро тиббий кузатувга олинган. Уларнинг 4 минг 998 нафари уй шароитида, 338 нафари тиббиёт муассасаларида карантин муддатини ўтаётир. 1 минг 653 фуқаро 14 кунлик кузатув остида бўлиб, соғлигида хавф-хатар бўлмаганлиги сабабли карантин кузатувдан чиқарилган.

– Вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар кучайтирилган тартибда давом этмоқда,– дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев.–Тиббий кузатувда турганлар билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхатлари ҳам тўлиқ шакллантирилиб, уларнинг яшаш манзиллари ҳам кузатувга олинган. Тиббиёт муассасалари ва уй шароитида карантин кузатув муддатини ўтаётганлар учун ички ишлар идоралари, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг ходимлари бириктирилган. Бу бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.

Айни пайтда вилоятда мавжуд ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субьектлари бир маромда фаолият юритмоқда. Фермерлар дала юмушлари билан банд. Улар етарли миқдорда антисептик воситалар, ҳимоя қўлқопи ва тиббий ниқоб билан таъминланган.

 

Text to speech