Пробация ҳисобида турган шахсларга психологик тавсиялар берилмоқда
Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация бўлими томонидан ҳисобда турган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг психологик портретлари тузилиб, тегишли тоифаларга ажратилди. Уларнинг ҳар бири билан қайта жиноят йўлига кирмаслик, такрор жиноят содир этмаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ажратилган тоифалар асосида вилоятнинг барча шаҳар-туман ИИБ Пробация инспекторлари инспектор-психологнинг тавсиялари асосида назорат остидаги шахслар билан ишни тўғри ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февраль кунидаги 84-сонли қарорига асосан вилоят ИИБ Пробация бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан барча шаҳар-туман пробация назорати остидаги шахлар билан сайёр қабуллар ўтказилиб, уларнинг муаммолари жойига чиқилган ҳолда ўрганилмоқда.
Назорат остидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш учун жамоатчилик ташкилотлари ҳусусан “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат маркази билан ҳамкорликда қатор ижобий ишлар олиб борилиши йўлга қўйилган.
Бу каби ижобий ишлар Пробация гуруҳи ҳисобида турган шахслар ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш орқали, улар томонидан такрор жиноят содир этилишининг олдини олишга хизмат қилиш билан бирга келажакда жамиятда тўғри йўлни танлашга замин яратади.