Пандемияга қарши кураш, осайишталик ва хавфсизликни таъминлаш бош вазифа
Жорий йилнинг 3 июль куни Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан коронавирус пандемиясининг иқтисодий тармоқларга салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлари ижроси ҳамда воҳада осайишталикни таъминлашга бағишланган брифинг ўтказилди.
Брифингда ер юзи аҳолисига ҳавотирли ташвиш ўйғотган қалтис вазиятда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси келтириши мумкин бўлган талофатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар унинг салбий оқибатларини юмшатишда ўз самараларини бераётгани қайд этилди. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарига таъсирини юмшатишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мамлакатимизда карантин қоидалари жорий этилган дастлабки кундан давлатимиз раҳбари тегишли чораларни кўриб, барча давлат органлари ва мутасадди ташкилотларга кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифаларни белгилаб берди. Шунга мувофиқ вилоят ҳокимининг жорий йил 27 мартдаги “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва ҳавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясини вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш тўғрисида”ги Ф-69-сонли фармойишига асосан вилоят ички ишлар, мудофаа, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар ва божхона бошқармалари бошлиқларининг қўшма қарори ишлаб чиқилиб, унга кўра вилоят ҳудудида 27 та ҳамкорликдаги блок-постлар ташкил этилди.
Вақтинчалик ташкил этилган блок постларга ички ишлар, Миллий гвардия, мудофаа, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва санитария эпидемиологик осайишталик маркази ходимлари жалб этилиб, қатьий назорат ўрнатилди. Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги маҳаллалар кесимида ташкил этилган 38 та ички постларга ички ишлар органлари ходимлари жалб этилиб, хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилди. Воҳа ҳудудидаги 4 та чегара-божхона постларида санитария пунктлари фаолияти йўлга қўйилиб, транспорт воситалари кириб келиши тўхтатилди.
Анжуманда таъкидландики, карантин қоидалари жорий этилганидан буён вилоятда 38 минг 280 шахс махсус тайёрланган биноларда карантинга олиниб, ҳозиргача уларнинг 30 минг 995 нафари карантиндан чиқарилди. Уй карантинига олинган 32 минг 917 нафар шахснинг карантин қоидаларига амал қилишини таъминлаш учун ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари жалб этилди.
Тиббиёт муассасаларида карантин муддатини ўтаётган фуқароларнинг белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлаш учун ҳам ички ишлар, Миллий гвардия ҳамда мудофаа ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари хизмат олиб борди.
Карантин тадбирларига оид қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида 21 минг 951 фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг 2 нафари карантин ҳудудини ташлаб кетгани, уч нафари вақтинча тўхтатилган савдо фаолиятини давом эттиргани, 21 минг 915 нафари тиббий ниқоб тақмасдан жамоат жойларида юргани, 5 нафари ижтимоий тармоқда ваҳима чиқарувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатгани ва 26 нафари бошқа йўналишларда қоидабузарлик содир этгани учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, мототранспорт воситасини белгиланган тартибларга зид бошқарган ҳайдовчиларга ҳам тегишли чоралар кўрилди. Жумладан, патруль йўналишларидаги ходимлар Термиз шаҳар ҳудудидаги 38 та маҳалла бўйлаб ҳаракатланиб, тарғибот ишларини олиб бориш жараёнида 16 минг 131 нафар шахс билан профилактик суҳбат ўтказди, 5518 нафар велосипедчилар огоҳлантирилди. Мақсадсиз велосипед бошқариб юрган 773 нафар фуқаронинг велосипеди, 4 та мотоскутер, 1612 та автотранспорт воситаси жарима майдончасига ёпилди.
Ҳисобот даврида Тожикистон ва Афғонистон республикаларига Чумчуқлижар-Хайратон-Дарбанд йўналиши бўйича 572 марта махсус кузатувлар ташкил этилиб, транзит ўтувчи 3 минг 922 та юк ташувчи транспорт воситаси 703 нафар йўл-патруль хизмати инспекторларининг 690 та патруль автомобилларида кузатилиб, хавфсизлиги таъминланди. Корхона ва ташкилотларнинг талаблари асосида 182 минг 49 та транспорт воситасида 1 миллион 568 минг 745 тоннадан ортиқ юк манзилига етказилди. Хусусан, ушбу юкнинг 15 минг 665 таси иқтисодиёт,28 минг 802 таси саноат 40 минг 801 таси қурилиш ва бошқа муҳим тармоқ ҳамда соҳаларга тегишлидир.
Маҳалла ва кўча-куйларда кўзга кўринмас ёвнинг салбий оқибатлари ва ундан эҳтиёт бўлиш йўллари хусусида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган бўлса-да, вилоятда пандемия бошидан шу кунгача 177 нафар фуқарода касаллик аниқланди. Олиб борилган самарали даволаш муолажалари натижасида улардан 71 нафари соғайди. 2 нафари вафот этди. Вилоятда жорий йил 14 июндан касаллик тарқалишининг иккинчи босқичи бошланиб, шу кунгача 133 фуқарода инфекция билан заҳарланиш қайд этилди. Уларнинг 28 нафари соғайиб, уйига кузатилди. Ҳозир 104 нафар касал даволанмоқда. Беморларнинг уч нафари ўрта оғир ва 101 нафари қониқарли ҳолатда.
Брифингда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов учинчи секторда “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган ёрдам, “темир дафтар”га киритилган хонадонларни камбағалликдан чиқариш, бандлик масаласини ҳал этиш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берди.
Хусусан, воҳадаги 3-секторларда мавжуд 198 та маҳаллада 732 минг 283 нафар аҳоли 122 минг хонадонда истиқомат қилади. Сектордаги оилалар сони 165 минг 749 тани ташкил этади.
Учинчи секктордаги аҳолининг 408 минг 54 нафари меҳнатга лаёқатли бўлиб, улардан 281 минг 464 нафари иш билан банд. 30 минг 161 нафари ёки жами аҳолининг11 фоизи ишсиз фуқаролардир.
Ўтказилган хатловга кўра, сектор ҳудудидаги 9 минг 114 та эҳтиёжманд оилада 40 минг 208 фуқаро яшайди. Улар гуруҳларга ажратилганида 611 нафари ўта муҳтож, 2 минг 466 таси муҳтож оилалар ва 6 минг 37 таси вақтинча муҳтож оилалар экани маълум бўлди. Мазкур оилаларнинг 9 минг 80 нафар аъзоси меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролардир.
Йилнинг ўтган даврида ишсиз аҳолининг 6 минг 100 нафари ишга жойлаштирилиб, муқим бандлиги таъминланди. Айни пайтда 2 минг 980 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлар бандлигини таъминлаш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз томонидан кўрилган тезкор чоралар туфайли пандемия шароитида ҳам янги лойиҳаларни ишга тушириш юзасидан белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Йил якунигача учинчи сектор ҳудудида 6 минг 5 та лойиҳа ишга туширилиб, 14 минг 793 та иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозир бандлиги таъминланмай турган 2 минг 980 эҳтиёжманд ишсизни ушбу корхоналарга ишга жойлаштириш белгилаб олинган.
Мамлакатимизда карантин жорий этилганидан буён сектор ҳудудидаги эҳтиёжманд оилалардаги 7 минг 770 шахсга 6 млрд 447 млн 405 минг сўмлик турли хилдаги ёрдам кўрсатилди. Уч марта 1 млрд 623,7 млн сўмлик 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти берилди. 121 та оилага 828 млн 400 минг сўмлик 121 бош қорамол тарқатилди. 77 та оилага 575 млн 639 минг сўмлик 1,5-2 сотиҳли 77 та иссиқхона қуриб берилди. 351 та оила 110 млн 805 минг сўмлик 66 минг 933 та парранда билан таъминланди. 49 та оилага 194 қути асалари уяси тақсимланди. 194 оилага 152.703 млн сўмлик пул шаклидаги моддий ёрдам кўрсатилди. 155 оила 193.780 млн сўмлик бошқа ёрдамлардан баҳраманд бўлди.
“Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида вилоят Ички ишлар бошқармаси 1 минг 305 та хонадонга ҳомийлик ёрдами кўрсатди.
Учинчи сектор ҳудудида камбағалликни қисқартириш учун ишсиз аҳолининг хохишига кўра такрорий экин экиш учун ғалладан бўшаган 609 гектар ер майдони 1 гектардан ажратиб берилди.
Брифингда шунингдек, учинчи секторда фаолият юритаётган "Томорқа хизмати" МЧЖларнинг эҳтиёжманд одамлар турмуш даражасини оширишдаги аҳамияти, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёз ва переференциялар тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди. Фаолияти қисман ёки тўлиқ тўхтаган корхоналарни қайта тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати