12 Январ 2021 йил 2144

Мардлар қўриқлайди Ватанни

«Ватанпарварлик ойлиги» доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Бугун ҳам Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Термиз давлат университети ўйингоҳида ўқитувчи ва талаба ёшлар иштирокида 14-январь — Ватан ҳимоячилари куни олдидан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда дастлаб, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник У.Ўтаев сўзга чиқиб, Ватан ҳимоясига кирган ўғлонларимизнинг жасорати, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, вилоят ИИБнинг кинология, махсус отряди ва Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари ўзларининг бир-биридан қизиқарли чиқишлари билан тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Кўргазмали чиқишлар куй-қўшиқларга уланди. Уларда она Ватан, мардлик ва жасорат ҳақида куйланди, айниқса вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси маънавий-тарбиявий ишлар ва ижтимоий ҳимоя бўлими ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори катта лейтенант Бекзод Қурбоналиев томонидан куйланган “Ким юртидан ёвни қувса мендирман ўша” қўшиғи барчанинг қалбида Ватанпарварлик ҳиссини жўш урдирди.
Тадбирда соҳавий хизматлар томонидан фойдаланиладиган қурол-аслаҳалар ҳамда жанговар ва хизмат техникаларининг кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech