Жарқўрғонда суд ҳайдовчисига тан жароҳати етказилганлиги ҳолати бўйича маълумот
Сурхондарё вилояти ИИБдан олинган маълумотга кўра, Жарқўрғон тумани “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида ташкил этилган блок постда 10 июль куни соат 09:50ларда туман ҳокими З.Давлатов, туман прокурори Б.Ҳайдаров ва туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.Хидировлар томонидан ички ишлар органлари ва хизматга жалб этилган бошқа ходимларнинг фаолияти мувофиқлаштирилаётган вақтда, ушбу блок постга Жиноят ишлари бўйича туман судига қарашли “Нексия-3” русумли 75/530/YAA давлат рақамли хизмат автомашинасини ҳайдовчи Р.Р. қарама-қарши йўналишда бошқариб келганлиги сабабли, туман ҳокими ва постда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари мазкур автотранспортни йўлнинг қатнов қисмидан четга олишни талаб қилганларида, ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмай автомашинани йўлдан олмаслигини, келган жойида туришини айтиб, 20-25 дақиқалар давомида автомашинани тўхтатиб қўйиши оқибатида, постда сунъий тирбандлик юзага келган.
Шундан сўнг ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, ҳайдовчи Р.Р. соат 10:30 ларда туман ИИБга олиб борилиб, соат 11:00ларда туман ИИБдан чиқариб юборилган.
Шу куни ҳайдовчи Р.Р. ўзига тан жароҳати етказилганлиги важи билан туман шифохонасига мурожаат қилган, шифохонанинг бу ҳақидаги хабарномаси туман ИИБга юборилиб, ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, хабарнома тегишлилиги бўйича туман прокуратурасига юборилган. Ҳозирги вақтда юзага келган ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилиб, иштирокчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
ИИВ Ахборот хизмати