Жарқўрғонда пора эвазига ишга қабул қилувчи мансабдор қўлга олинди
2021 йилнинг 27 апрель куни Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро Ю.Турсуной исмли аёл ўзига олдиндан таниш бўлган “Малика” исмли опаси (исм шарифлар шартли равишда ўзгартирилди) билан биргаликда Жарқўрғон тумани Буюм бозоридан чиқиб кўчада кетаётганида, ёнига “Матиз” русумли автомашина келиб тўхтайди. Машина эгаси эса “Малика” исмли опасига олдиндан таниш бўлганлиги сабабли улар билан саломлашиб, манзилига олиб бориб қўйишни таклиф қилади. Шундан сўнг, Ю.Турсуной исмли аёл билан унинг “Малика” опаси машинага ўтиришади ҳамда “Матиз” автомашинаси Ю.Турсуной ҳамда Малика опаси айтган манзил томон ҳаракатлана бошлайди.
Йўлда кетиш давомида ўзини тумандаги давлат ташкилотларининг бирида мансабдор бўлиб ишлашини айтиб, таништиради. Суҳбат асносида ўзи ишлайдиган ташкилотда “мутахассис лавозими” бўш эканлигини, ушбу лавозимга яхши ходим қидириб юрганлигини айтади. Шу вақт гапга Ю.Турсуной аралашиб, “узоқ вақтдан буён ишсиз юрганлигини иш қидираётганлигини, мутахассис лавозимига ишга қабул қилмайсизми?”-деб сўрайди. Мансаб эгаси Ю.Расул ишга қабул қилиш учун озгина харажатлари борлигни айтиб, эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пул сўрайди. Ю.Турсуной эса АҚШ доллари ўрнига ўзбек сўмида пул бераолишини, айтади. Туман ташкилот мансабдори бу гапларни эшитиб, ушбу таклифига рози бўлиб, пулнинг 4 000 000 (тўрт миллион) сўмини ҳозир бериб қолган 1 000 000 (бир миллион) сўмини ишга қабул қилганидан кейин олишини айтганлигини маълум қилиб, ундан 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдоридаги пулларни пора йўли билан талаб қилаётган Ю.Расулга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган.
Мазкур аризага асосан, 2021 йил 27 апрель куни Сурхондарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Ю.Расул Жарқўрғон тумани “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган кафе ёнида ариза муаллифи Ю.Турсунойдан талаб қилинган 500 АҚШ доллари миқдоридаги пуллардан 4.000.000 (тўрт миллион) сўм кўринишидаги кимёвий ишлов берилган пулларни олган вақтида, тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан, ҳозирда Жарқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Унутманг! Коррупция-жамият тараққиёти ва ривожи учун энг хавфли жиноятлардан биридир. Мазкур жиноятни содир этган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жазо муқаррарлиги таъминланган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати