ИИБ бошлиғи кўзи ожизлар мактаб-интернатидаги шароитларни ўрганди
Жорий йилнинг 18 январида Ички ишлар вазири томонидан ўтказилган жамоат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлашга бағишланган видеоселекторда ИИО масъулларига кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатларида таълим шароитларини яхшилаш бўйича топшириқ берилганди.
Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А.Исмоилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Шўрчи туманидаги 125-сонли кўзи ожизлар мактаб-интернатида бўлишди. У ердаги мавжуд шароитни кўздан кечиришди.
- Тўғри бу мактаб интернати ўқувчиларининг имконияти жисмонан чекланган. Аммо маънавий имконияти чекланмаган. Ижодкор ўқувчилар учун зарур шароитларни яратиб берамиз. Ўқувчиларнинг бири рубобда куй чалишни ўрганса, яна бири компьютер саводхонлигини оширади. Қўшиқ айтиб рақс тушишни истайдиган ёки бўлмаса тил ўрганиб фан сирларини ўрганишни мақсад қилганлар учун ҳам шароит яратиб берамиз, - дея таъкидлади полковник Абдувоҳид Исмоилов.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати