13 Ноябр 2020 йил 674

Эл ишини эр қилур

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг дарду ташвишларига шерик бўлиш, қийнаётган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш бугун ҳар бир раҳбар олдида турган муҳим вазифа саналмоқда. Шу боис жойларда мунтазам равишда сектор раҳбарларининг очиқ учрашувлари ташкил этилмоқда. Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник А.Исмоилов ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Р.Пардаевларнинг термизлик ёшлар ва аёллар билан учрашуви ана шу мақсадда ташкил этилди.
Сайёр қабул Термиз шаҳрининг “Паттакесар” маҳалласида жойлашган 3-сектор ҳудудида бўлиб ўтди.
Унда келиб тушган мурожаатларнинг асосиий қисмини ижтимоий-ҳуқуқий, маиший, ички ишлар органларига ишга кириш, алимент ундириш, кредит олиш, қарзни ундириш, уй-жой ва низоли ҳолатларга чек қўйиш каби қатор масалалар ташкил этди. Муаммолар ечимига киришиш асносида аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча вақт талаб этадиган мурожаатлар эса назоратга олинди. Шунингдек, айрим фуқароларга йўл-йўриқ кўрсатилиб, хуқуқий маслаҳатлар берилди.
Қабул давомида 37 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди.
Шу куни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи “Сурхон ошпази” маъсулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Кичик корхонада 13 турдаги ширинликлар ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирда 28 нафар ёш доимий, 32 нафар ёш эса мавсумий иш билан таъминланган. Келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Айтиш керакки, сайёр қабулларда кўтарилаётган асосий муаммолар маҳалла, туманлар кесимида ҳал бўлади. Аммо уларнинг юқори ташкилотларгача чиқиб бориши, масъул мутасаддиларнинг асосий вазифасидан узоқлашиб қолаётганидандир. Қабул жараёнида мана шу каби салбий ҳолатлар аниқ мисоллар билан келтирилди.
Сайёр қабул вилоят бўйлаб давом этади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech