1 Июн 2025 йил 684

1-июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Ҳар йили 1-июн санасида бутун дунё бўйлаб Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нишонланади. Бу сана нафақат ёзнинг илк куни, балки меҳр, эътибор ва муҳаббатга энг кўп лойиқ бўлган болажонлар учун бағишланган муҳим байрамдир.

Ушбу кун илк бор 1950-йилда нишонлана бошланган. Унинг илдизи эса 1949-йилда Парижда бўлиб ўтган Аёлларнинг Халқаро демократик федератсияси конгрессида “Болалар бахти – тинчлик гарови” шиори остида янграган даъватга бориб тақалади.

Урушдан кейинги нотинч йилларда болалар саломатлиги, осойишталиги ва ҳимояси жаҳон ҳамжамияти олдида долзарб масалага айланган эди. 1989-йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенсия қабул қилинди. Бу ҳужжат бутун дунё бўйлаб болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ҳуқуқий асосда кафолатлаб берди.

Бугун эса биз ҳар бир болага меҳр бериш, асраш ва уларнинг бахтли келажаги учун масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим. Чунки болалар – эртамиз, умидимиз ва жамиятимизнинг энг бебаҳо бойлигидир.

1-июн – Халқаро болалар кунинг билан, азиз болажонлар!

Text to speech